Жаҳон | 13:16 / 19.09.2017
7295
1 дақиқада ўқилади

АҚШдаги энг йирик ўйинчоқ дўконлари тармоғи банкротлик ҳақида эълон қилди

Фото: Reuters

АҚШдаги энг йирик ўйинчоқ дўконлари тармоғи бўлган Toys 'R' Us судга қарзни қайта тузиш учун ихтиёрий равишда банкротлик тўғрисида ариза юборди. Бу жараён компаниянинг АҚШ ва Канададаги бўлинмаларига тегишли бўлади.

Компания баёнотида айтилишича, дўконларнинг ўзи «даромад келтирмоқда» ҳамда ишни давом эттиради. Toys 'R' Us бош директори Дейв Брэндоннинг ишонтиришича, дўконлар 2017 йилги байрам мавсумига тайёр.

Toys 'R' Us қарздорлиги 5 миллиард долларни ташкил этади. Бу қарзнинг катта қисми 2005 йилда компания акциялари қайта сотиб олинганидан сўнг пайдо бўлган.

Компания қарзнинг бир қисмини ёпиш учун турли сармоядорлар билан 3 миллиард доллар ажратиш ҳақида келишиб олди. Келишув суд томонидан тасдиқланиши лозим.

Toys 'R' Us тармоғи 1948 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда бутун дунё бўйлаб тахминан 1600 та дўконга эга. 2016 йилда компания савдолари 11,5 миллиард долларни ташкил қилган.

Мавзуга оид