Жамият | 11:30 / 21.09.2017
103693
12 дақиқада ўқилади

Самарқанд руҳий касалликлар шифохонасидаги машмашалар: текширувлар натижаси

Фото: Kun.uz

KUN.UZ сайтига мурожаат қилаётган айрим фуқароларимизнинг аризаларида кўрсатилган важлар билан шуғулланиб, уларни қийнаб келаётган масалалар ижобий ечим топаётганини кўриб-билиб, гувоҳ бўлиб турибсиз. Лекин бу, айрим ўзаро ихтилофли шахсий масалалар учун ҳам бизни безовта қилиб, бирининг иккинчисига хусумати бўлган шахслар ҳам сайтимиздан бемалол қурол сифатида фойдаланиши мумкин, деган хулосани бермайди.

Фото: Kun.uz

Таҳририятимизга Самарқанд вилоят руҳий касалликлар шифохонасида фаолият кўрсатаётган ходимлар (жами 14 киши) томонидан имзоланган ариза келиб тушди. Нафсиламрини айтганда, унда шундай баён қилинади:

«Биз ҳуқуқларимиз бузилаётганини керакли жойларга ёзиб мурожаат қилдик, лекин бизнинг мурожаатларимиз бўйича текширишга келган назорат-тафтиш бошқармаси (НТБ) вакили, меҳнат бошқармасининг юристи ва борингки, текширишга яна ким келган бўлса вазиятни барча ходимлар учун янада оғир қилиб (!), бош врач ва бош ҳисобчининг айбларини ёпиб беришга ёрдам бериб (!) келмоқда. Яъни, бизнинг хатларимизда кўрсатилган, шифохонада содир бўлаётган ўзлаштиришлар, ўғриликлар ва зўравонликлар очилмасдан қолиб кетмоқда».

Юқоридаги мактубдан кўриниб турибдики, аризачилар биздан олдин ҳам мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган. Текширишлар ўтказилган, лекин якун аризачилар истагандек бўлмаётгани алоҳида қайд этилмоқда. Аризада иддаолар бандма-банд келтирилган:

1. Текширувчилар келганда мукофот ва пахта пулларини фақат қоғоздагина олган ходимлар ёлғон билан «олдик», деб айтишга, тилхат ёзишга мажбур қилинган.

2. Шифохонада текширувлар бўлиб ётган бир вақтда, бош врач кўрсатмаси билан барча бўлим бошлиқлари ходимлардан ремонт учун, деб 30-60 минг сўмгача йиғиб олмоқда. 

3. Аризамизгача шифохонада 800га яқин бемор даволанаётганлар рўйхатида турар эди. Текширув бошлангач бош врач аслида шу вақтгача шифохонага умуман келмаган касалларни «жавоб берилди»га чиқарди ва натижада 2 ҳафта ичида 100га яқин «касаллар» рўйхатдан ўчирилди. (Шунча беморга давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилишини мутахассислар аниқлай олишади-таҳр.) 

4. Аслида барча шунча аламзада бўлишига сабаб — бош врач Тоҳиржон Қодировдир. У 15 кунда 300 га яқин ходимга ёлғон сўзлаб, «молия бошқармаси иш ставкаларини қисқартирди», дея ҳаммадан камида 0,25 ставкасини ўз аризаси билан топширишга мажбур қилди, натижада, ҳамманинг маоши қисқариб кетди. Лекин 70 га яқин янги ходим пора эвазига бўшаган иш ставкалари ўрнига ишга қабул қилинди. (Бу масалани ҳам масъул идоралар хўжакўрсинга, қоғозбозлик учун эмас, жиддий тафтиш қилишлари талаб этилади-таҳр.)

5. Бош врач ҳеч кимдан рухсат сўрамай 100 га яқин катта-катта, серсоя ва мевали дарахтларни кестириб, шифохона ҳудудидан ўз манфати йўлида олиб чиқиб кетди. Касаллар ва барча ходимларни тунгача ишлатиб, 4 кун ичида кесилган дарахтлардан қолган тўнка ва томирларини ковлатиб, уларни ҳам шифохона ҳудудидан йўқ қилиб, худди ҳеч нима бўлмагандек ерни текислатиб қўйди.

6. Шифохона теварак-атрофи сифатли чўян панжара билан ўралган эди, уларнинг кўп қисми сотилиб кетди. Шикоят аризасидан кейин маълум бир қисми ортига қайтариб келинди.

7. 2017 йил обунаси учун жами 100 млн. сўмдан зиёд пул йиғилди. Қизиғи, биз ойлик иш ҳақини 100 фоиз пластик картада оламиз, лекин 2016 йилнинг охирида обуна учун деб юқорида кўрсатилган суммани худди нақд олгандек бўлиб, ведомостга имзо қўйиб бердик. Бундан бошқа ойларда умуман нақд пулда бизга ойлик тўланмаган.

8. Шифохонамизга тегишли 23 га ёрдамчи хўжалик ерлари деҳқонларга ижара сифатида пулга сотилади, бундан шифохонага ҳеч қандай манфаат йўқ. Ижара пуллари қаерга кетишини ҳеч ким билмайди. Бир йил олдин шифохонага тегишли бўлган кўплаб қорамоллар фермаси бор эди, афсуски ҳозир ундан бир бош ҳам қорамол қолмаган.

9. Шифохонада 800 га яқин бемор бўлиб, улар ейдиган овқатнинг сифатига умуман тоқат қилиб бўлмайди. «Шифохонага текширувчи келади», дейилса овқатларда гўшт кўринади, сариёғ пайдо бўлади, ҳаттоки тухум ҳам давлат томонидан берилишини билиб қоламиз. Бошқа кунлар афсуски «эски ҳаммом, эски тос» — касалга жабр!

10. Шифохонада беморларга ўта қиммат чет эл дорилари давлат ҳисобидан харид қилиниб, номига беморларга «берилди» бўлиб, барчаси дорихона мудири томонидан қайтариб олинади. Бунга жавобан дорихона мудири «бошлиқ айтган», дейди. Дорихона мудирининг ҳақи — бўлимлардан қайтариб олинадиган соддароқ дорилар бир марталик тиббий қўлқоплар, биохлордир. 

Руҳий касалларни врачлар катта миқдорда антибиотиклар билан даволашга киришган, ваҳоланки, психиатр врачнинг антибиотик дориларни тавсия қилишга ҳақи йўқ. Ўзи рўйхатда бор-у, бироқ шифохонада бўлмаган беморларнинг дорилари ўрта тиббий ходимлар томонидан ноиложликдан канализацияга оқизилаяпти. (Беморлар сони шифохона рўйхатига қанчалик мос келишини ҳам ўрганиш талаб этилади-таҳр.)

11. Шифохонага қиш мавсуми учун, эшитишимизча, жуда кўп миқдорда кўмир берилар экан. Афсуски, қиш мавсумида ҳар бир бўлимга бир суткада жами 40 кг.дан кўмир қозонхона мудири томонидан берилади. 40 кг кўмир 60 та бемор ётадиган бир бўлимни бор йўғи 5–6 соат иситишга етади, холос. Лекин биздан қаҳратон қиш совуғида бўлим ичидаги иссиқлик камида 20 даража илиқ бўлишини раҳбарият тўхтамай талаб қилади ва тунги рейдлар ўтказиб, бизни жазолайди. Иситиш печлари, табиийки, тиббий биродарлар томонидан ўтин топиб келиб, ёқиб иситилади. Шу сабабли шифохонамизнинг қанча кўмир олишини ва қандай тақсимланишига қизиқиб, аслида корпуслар ким томонидан иситилиши кераклигини қизиқишингизни сўраймиз. Шу йил ҳам кўмир миқдори жуда кам келганга ўхшайди».

Ҳаммаси қандай бошланди?

Фото: Kun.uz

Илк бор руҳий касалликлар шифохонасида бўлаётган қинғир ишлар ҳақида Самарқанд вилоятидаги махсус мухбиримиз (Ш.Шокиржонов)га июль ойининг охирларида Суҳроб Норбеков томонидан телефонда маълум қилинди. 28 июль куни С.Норбеков ва унинг онаси Моҳира Ўтаева билан ҳамроҳликда журналист дастлабки аризачилар гуруҳи билан учрашиб, уларнинг шикоятларини қабул қилиб, важларини ёзиб олди.

Юқорида аризадан иқтибосда қайд этилганидек, айни пайтда вилоят руҳий касалликлар шифохонасида Тоҳиржон Қодиров 2 йилга яқин вақтдан буён бош врачлик қилмоқда. М.Ўтаева Т.Қодировдан аввал шу даргоҳда бош врач бўлиб ишлаган. Айни пайтда Ўтаева РКШ жойлашган ҳудуддан вилоят кенгаши депутати, вилоят наркология диспансерида бош врач ўринбосари бўлиб ишламоқда. Суҳроб Норбеков эса унинг ўғли — тадбиркор.

Июль ойида М.Ўтаева депутатлар гуруҳи таркибида айрим журналистлар билан шифохонага боради ва у ердаги камчиликларни уяли телефонига тасвирга олади.

Ўзи ишлаган жойи, кам кўстини билади. Суриштиришларимизга асосланиб айтиш мумкинки, билимли ва ўта принципли психолог-врач, ўз вақтида шифохонада қатъий иш тартибини ўрната олган. Унинг ходимлар орасида яқиндан танийдиганлари бор, албатта, шу сабабли яна бошқа фактлар умумлаштирилиб, шикоят аризаси уюштирилади. С.Норбеков томонидан «Телеграм» мессенжери орқали бизга турли фотосуратлар, аудиоёзувлар ва видеоматериаллар етказиб турилди.

Вазият юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш Бошқармаси бошлиғи Азиз Жўраевга мурожаат қилганимизда «у ерда амалдаги ва собиқ бош врачлар ўртасида можаро юз беряпти, текшириш кетмоқда», деган жавоб берилган. Август ойида бошқа тадбирларни ёритишга жалб қилингани, шунингдек, давлат ваколатли органларининг текшируви кетаётган вақтда уларга халақит бермаслик мақсадида таҳририят аъзолари шифохонага боришмади. 

Фото: Kun.uz

Бу орада С.Норбеков аризачилар билан яна бир бор учрашув ташкиллаштириб берди. Унда аризачилар ўзларига бош врач томонидан руҳий босим уюштирилаётгани, коллективда яккалаб қўйишаётгани, шифохонада уларни ҳамма қўлини бигиз қилиб кўрсатишга ўтишганини таъкидлаб ўтишди.

Важларни текширганимизда...

Ниҳоят, 14 сентябрь куни KUN.UZ таҳририятининг махсус мухбирлари Толиб Раҳматов ва Шуҳрат Шокиржонов, оператор Маъруфжон Асқаров билан Самарқанд вилоят руҳий касалликлар шифохонасига ушбу важни ўрганиш учун бордик.

207 тонна кўмир ҳам жойида, ёрдамчи хўжаликда деҳқонлар билан ҳам шартнома тузилган, тўғри, 15 бош қорамоллар 2016 йил ёзида ССБни хабардор қилинган ҳолда, уларнинг рухсати билан сотиб юборилган, лекин уларнинг пули (17,072 млн. сўм) махсус ҳисоб рақамда турипти. Умуман Т.Қодиров шифохонага 23 га ёрдамчи хўжалик керак эмаслиги, ҳайдаш учун техника, ҳосил етиштириш учун ортиқча маблағ йўқлиги, қолаверса бу шифохона ходимларини асосий иши — беморларни даволашдан чалғитиши, ерларни қайтариб олиш учун ҳокимликка кўп бора мурожаат қилганини таъкидлаб ўтди. 

Фото: Kun.uz

Обуна қилинган нашрларни етказиб берилгани ҳақида барча ҳужжатлар бинойидек бўлса-да, обуналар хусусий обуна шартномалари уюштирувчи корхоналар билан имзолангани бизни ҳушёр торттирди. Чунки Самарқандда бундай корхоналар нашрларни ўз вақтида етказиб бермасликлари, пулларни “еб” кетиши билан тилларга тушган.

Т.Қодиров ҳақиқатдан ҳам молия бошқармасидан штатларни қисқартириш ҳақида фармойиш келгани, бироқ шифохонада кўплаб одамлар ишсиз қолиб кетмаслиги учун ходимлар билан маслаҳатлашган ҳолда уларнинг иш ставкалари 0,75 га туширилиб, қисқартирилиши лозим бўлган ходимлар ҳам иш билан таъминланганини айтиб ўтди.

Вазият ва ҳужжатлар билан танишдик. Қайд этиш керакки, шифохонада текширувлар давомида аризада кўрсатилган айрим камчиликлар аниқланган ва текширувчилар хулосасида қайд этилган. Жумладан, ССБнинг 719-У сонли буйруғига кўра, ўтказилган текширишда 11-бўлим навбатчи тиббий биродари Ж.Саидовга 1 млн 114 минг 084 сўм ортиқча иш ҳақи, моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан 2016 йилда 31 ҳолатда 4 млн 976 минг 343 сўм, 2017 йилда 86 ҳолатда 16 млн 145 минг 795 сўм, 2016-17 йилларда иш ҳақи белгиланишида разрядларнинг нотўғри қўйилиши натижасида 6 ҳолатда 2 млн 102 минг 796 сўм ортиқча тўлангани аниқланган. Ошхонада камомад 87 минг 622 сўм (8932 сўм ортиқча) аниқланган, Уларга нисбатан қандай чора кўрилиши мутасадди идораларнинг иши. 

Фото: Kun.uz

Вилоят руҳий касалликлар шифохонаси диспансери ихтиёрида бўлган 1979 йилда ишлаб чиқарилган УАЗ русумли ва 30 947 QAA бўлган «Дамас» русумли (ҳар иккиси техник носоз) автомашина Соғлиқни сақлаш бошқармасининг рухсатисиз, диспансернинг ички буйруғи билан ИИБ ЙҲХ бошқармасида рўйхатдан чиқарилган.

Шифохонада пул йиғди-йиғдиларига асос сифатида 10-бўлим бошлиғи Тиллаева Гулнисо бошчилигида ўтган мажлисдан аудио тақдим этилган эди. Бу ходима билан учрашиб, унга саволлар бериб кўришга қанчалик уринмайлик, уни биз билан учраштирмасликни уддалашди. Давоми бор...


KUN.UZ махсус мухбирлари:

Шуҳрат Шокиржонов
Толиб Раҳматов
Оператор: Маъруфжон Асқаров

Мавзуга оид