Light | 09:10 / 24.09.2017
40808
9 дақиқада ўқилади

Ҳашамат оламига тўлиқ ғарқ бўлиш: 2,3 миллиард долларлик сув ости кемаси

Яхталар — энди модадан қолган шекилли. Энг илғор конструкторлик бюролари жаҳондаги энг ҳашаматли сув ости кемаси яратиш борасида беллашишга киришган, деб ёзади Insider.Pro.

Агар ўн миллионлаб долларга харид қилинадиган, вертолёт қўниш майдончалари, зерикарли жакузиларга эга супер-яхталар сизнинг меъдангизга урган бўлса, Австриянинг Migaloo Private Submersible Yachts компанияси томонидан лойиҳалаштирилган 28 метрли М7 сув остига кемасига пул тайёрлайверинг.

Бу ерда нафақат вертолёт қўнадиган майдонча (мабодо, сиз шунинг мухлиси бўлсангиз), бассейн, VIP-каюталар ва бир неча ангарли палубалар бор. Уни яратишда дизайнерлар Американинг «Замволт» мина ташувчи сув ости кемаларидан илҳомланишган. (Фақат бу ерда двигателлар дизель-электрик, атомли эмас).

Фото: Bloomberg

Фақат сув сиртида у ёқдан бу ёққа чайқалишдан бошқасига ярамайдиган яхтадан фарқли ўлароқ, М7 денгизда 458 метр чуқурликкача шўнғиши мумкин ва 20 узел тезликда сув ости саёҳатини уюштира олади. Диснейнинг мультфильмларидан биридаги Себастьян лақабли қисқичбақа энг қизиқ нарсалар денгиз тубида рўй беришини бекорга куйламаган ахир.

Фото: Bloomberg

«Сув париси» персонажлари куйлаб турсин, майли, лекин M7 каби ҳузур-ҳаловат арзон турмайди. Migaloo’нинг бош ижрочи директори Кристиан Ҳамполднинг сўзларига кўра, бундай сув ости кемасининг аниқ нархи ҳозирча маълум эмас. Лекин тахминий нархи 2,3 миллиард долларга тенг.

Лекин M7 — пули бор одам харид қилиши мумкин бўлган ягона сув ости кемаси эмас. Кейинги бир неча ўн йиллар мобайнида Triton Submarines, DeepFlight Adventures, U-Boat Worx BV ва Seamagine Hydrospace Corp. каби компаниялар «сув ости аппаратлари» ишлаб чиқаришмоқда. Бу унчалик катта бўлмаган транспорт воситалари бортига икки нафардан саккиз нафаргача йўловчи олиши мумкин, шунингдек океанга бир неча соатга шўнғиб чиқа ҳам олади. Стоктон Раш томонидан асос солинган OceanGate Inc. компанияси ҳаттоки 2018 йилда йўловчиларни «Титаник» қолдиқларини томоша қилишга олиб тушмоқчи.

Фото: Bloomberg

Бироқ сув ости кемаларида регенерация хусусияти йўқ, шу сабабли узоқ масофаларга йўловчиларни элтиш учун яхта ёки бошқа кемалардан фойдаланишга зарурат мавжуд. Улар нечоғлик аломат кўринмасин, булар халқаро махсус агентлардан кўра, бадавлат машҳурларнинг хархашасига кўпроқ мос.

Яхта стилида яратилган ҳашаматдор сув ости кемалари пайдо бўлганига кўп вақт бўлгани йўқ. Уч компания — Флоридадаги Migaloo, U.S. Submarines Inc. ва Нидерландиядаги Ocean Submarines шундай кемалар лойиҳалаштиришаяптики, Жеймс Бонд киноларидаги ёвузлар бунақасини фақатгина орзу қилишлари мумкин. Улар минглаб километр саёҳат қилиши мумкин, уларнинг интерьерларига энг ҳашамдор виллалар ҳам ҳасад қилади. Бундан ташқари, бу ерларда Ер куррасини эгаллаб олиш учун чинакам сув ости штаби ташкил қилиш ёки шунчаки дўстлар билан бирор ҳафтани мазмунли ўтказиш ҳам мумкин.

Кўриниб турибдики, хусусий сув ости кемалари фавқулодда қиммат туради. Масалан, U.S. Submarines томонидан ишлаб чиқилган Nomad 1000 ўн кишидан 24 нафаргача одамни ўз бағрига олиши, 300 метр чуқурликда 1000 денгиз милясини босиб ўтиши мумкин. Унинг нархи 6,5 млн. доллар. Компаниянинг фахри бўлмиш 65 футли, ички юзаси 465 кв.м.дан ортиқ бўлган Phoenix 1000 эса 90 миллион долларга баҳоланмоқда.

Шу сабабли, бир неча хусусий сув ости аппаратлари ҳозирданоқ сувга шўнғишни бошлаб юборганига қарамасдан, «люкс» классдаги хусусий субмариналар ҳанузгача йўқ. Албатта, M7 ва Phoenix 1000’ни истаган киши томоша қилиши мумкин, лекин бу лойиҳалар (асосан) ҳозирча фақатгина қоғозда мавжуд.

«Айни шу дамда ҳеч нарса қураётганимиз йўқ», — дейди U.S. Submarines асосчиси ва бош ижрочи директори Л. Брюс Жонс. Унинг қўшимча қилишича, Triton Submarines таркибига кирувчи компания айни вақтда сув остига шўнғувчи аппаратлар ишлаб чиқаришга диққатини жамлаган, чунки «бозорда айнан шунақасини кўпроқ сўрашмоқда».

«Субмарина ҳордиқ чиқариш соҳасида ниҳоятда қиммат, ўзини оқламайдиган инженерлик ечими ҳисобланади, — дея изоҳлайди Boat International муҳаррири Стюарт Кэмпбелл. — Қоидага кўра, яхтада ҳамма нарсани ҳажм белгилайди. Йирик сув ости аппаратида эса бундай ҳисоб-китоблар бефойда. Тўланган пуллар ҳажмнинг катта бўлишини кафолатламайди, шу пулга ясалган яхта кўплаб функцияларга эга бўлади».

Эҳтимол, потенциал харидорларни ҳам хавфсизлик борасидаги саволлар ҳам тўхтатиб тургандир. Гарчи сув ости кемалари ишлаб чиқарувчиларининг барчаси Амерка кемасозлик бюроси ва Норвегиянинг DNV GL ташкилотининг тан олинган стандартларига, шунингдек, АҚШдаги Subash спецификациясига риоя қилишади. Уларнинг барчаси бекаму-кўст натижалар қайд этишган: йилига 1 миллион йўловчи сув ости кемаларида сайёҳ сифатида денгиз остига тушишади.

Фото: Bloomberg

Уч ишлаб чиқарувчи фақатгина Ocean Submarines (улар ҳарбийлар учун сув ости кемаси ясашади) фуқаролик кемалари ясаш учун шартномага эга. Бош директор Мартин Ван Эйкнинг сўзларига кўра буюртмачи — «ўта бой одам». 2018 йилда улар 20 йўловчини бағрига сиғдира оладиган узунлиги 20 метр, бар, камбуз ва кутубхонага эга Neyk L3 кемасини тақдим этишлари керак. (Кутубхонадан қандай китоблар жой олиши Ван Эйкка маълум эмас экан).

L3 кемаси Migaloo субмаринасидан кичикроқ, лекин бу ўринда ўлчам бирламчи эмас. Агар компаниянинг буклетларига ишонадиган бўлсак, уларнинг ҳашамат ҳақидаги тасаввурлари «шунчаки чарм креслолардан кўра каттароқ нарса» эмиш. Lamborghini автомобиллари сингари ҳашамат комфорт ва назоратда мужассамлашган. Вертикал двигателлар океаности оқимларига қарамасдан, L3’нинг муаллақ ҳолатини  таъминлайди; шасси ёрдамида кема денгиз соҳилига чиқиши мумкин (яъни, махсус бандаргоҳга эҳтиёж йўқ); сокин ва аниқ юриш эса 500 дан 1500 денгиз миляси диапозонида сақланиб туради. Субмарина бор-йўғи 20 миллион еврога тушади (24 млн. доллар) — бу амалда текин дегани. (Иккита олиш керак!)

Фото: Bloomberg

Бу сув ости кемаларини бошқаришга ўргатиш, тўғрироғи бошқарув учун экипажни тайёрлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. АҚШда сув ости аппаратларини бошқариш учун лицензия керак, лекин ҳаммаси осон эмас. «Сув ости кемаси сув сатҳида турганида бу оддий кема дегани, — дейди Ван Эйк. — Лекин сувга шўнғиганидан кейин баъзи бир нарсаларни тушуниш керак бўлади».

Унинг сўзларига кўра, Ocean Submarines’да худди самолётларники сингари симуляторга эга немисларнинг ўқув маркази мавжуд. «Биз кабина интерьери ҳосил қиламиз, мижоз шу йўл билан сув ости кемаси айнан қандай ишлаши ҳақида тушунчага эга бўлади», — дейди у. Ўқитиш 4 ой вақтни талаб этади.

Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига қараганда, агар сизда ўзингизнинг субмаринангиз ва ўқитилган командангиз бўлса истаган томонингизга йўл олишингиз мумкин. Жаҳонда фуқаролик субмариналари бўйича муайян чекловлар мавжуд эмас — лекин бу соҳил қўриқлаш хизмати сизнинг борлигингизни эътиборсиз қолдиради, дегани эмас.

«Агар сиз бегона ҳудудий сув кенгликларида сувга кирсангиз, буни шунчаки сизга қўйиб беришмайди, албатта, — дейди Triton Submarines асосчиси ва президенти Патрик Лейхи. — Сув ости кемаларидан фойдаланишдан энг кўп Греция ва Франция ташвишланади. Уларнинг денгизи остида кўплаб осори-атиқалар бор, улар сув ости кемаси эгалари денгиз остига тушиб, қимматбаҳо тарихий нарсаларни ўзлаштириб олишларидан чўчишади».

Лейхининг сўзларига кўра, бу муаммонинг ечими бор: Бундай кема эгалари қилаётган саёҳатларига маҳаллий ҳокимиятни ҳам шерик қилишлари, ниятлари бирор қадимий нарсани ўғирлаб кетиш эмас, ҳокимият ҳеч қачон ўзи бажара олмайдиган тадқиқот ишларида ёрдам бериш эканлигини тушунтириш керак бўлади.

Мавзуга оид