Ўзбекистон | 11:40 / 24.09.2017
20983
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят Кенгаши сессияси: тўй ҳашамлар муҳокамаси ва янги тайинловлар

22 сентябрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг қирқ иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев бошқарди, деб ёзади «Зарафшон» газетаси.

Депутатлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси қонунлари юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халиловнинг ахборотларини кўриб чиқиб, мазкур қонунлар мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига етказиш юзасидан чора-тадбирлар белгиладилар.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг минтақаларда ижро этилишини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижалари бўйича 2017 йил 17 августдаги қарори муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, мазкур қонун ижроси юзасидан вилоятимизда бир қатор ишлар амалга оширилган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига келиб тушган мурожаатларнинг 90 фоизи ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 2 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарарлар ундирилган.

Сессия кун тартибидаги яна бир масала — вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни архив муассасаларига топширишда соҳага оид қонунчиликка риоя этилиши юзасидан депутатлик гуруҳи раҳбари Ю.Жуманазарова ахборот берди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи томонидан сессия кун тартибига киритилган «Ургут» эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ҳамда муҳим лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирларининг бажарилиши ҳақидаги масала ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги фармонига асосан ташкил этилган «Ургут» эркин иқтисодий зонаси учун Ургут, Паст Дарғом ва Нуробод туманларида 816 гектар ер майдони ажратилган. Ташаббускорлар томонидан 281,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 80та лойиҳани амалга ошириш бўйича дастлабки таклифлар ишлаб чиқилган. Лойиҳалар ҳужжатлари тегишли тартибда тайёрланиб, уларни амалга ошириш бўйича хулосалар олинмоқда.

Вилоят Кенгашидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан тайёрланган тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари масаласи бўйича депутат З.Шодиева сўзга чиқди.

Таъкидландики, бугунги кунда тўй-маъракалардаги дабдаба ва исрофгарчиликлар, турли одат ва маросимлар халқимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ушбу масала юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан 2015 йил 21 июлда тегишли қарор қабул қилиниб, тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабабозликларга чек қўйиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланган эди. Афсуски, айни пайтда қарор талаблари бажарилмаяпти. Давлатимиз раҳбари ҳам жорий йилнинг 3 август куни ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда тўй-маъракаларни ихчамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратган эди.

Муҳокама жараёнида депутатлар, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар тўй-маъракаларни тартибли, камчиқим қилиб ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш зарурлигини қайд этди.

Сессияда ташкилий масалалар кўрилди — Қурбонов Камолиддин Мусаевич вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Мирзаев Ботир Тойирович вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи этиб тасдиқланди.

Сессияда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан вилоят Кенгашининг қарорлари қабул қилинди.

Мавзуга оид