Ўзбекистон | 15:50 / 26.09.2017
32869
3 дақиқада ўқилади

МХХ «қора» бозордаги валютафурушларга қарши махсус амалиётларни давом эттирмоқда

Ўзбекистон ўз иқтисодиётини жадал ривожлантириб, чет эл инвестицияларини жалб этиш ва замонавий ишлаб чиқаришларни яратишга катта эътибор қаратмоқда. Навбатдаги қадам банкларда юридик ва жисмоний шахслар учун эркин валюта айирбошлашни таъминлаган валюта сиёсатини либераллаштириш бўлди.

Куни кеча Марказий банк якка тартибдаги тадбиркорлар ва фермер хўжаликларига чет эл валютасини ўз банк ҳисобварақларидан нақд пулда олишга рухсат берди.

Бугунги кунда барча жисмоний шахслар банкларга валютани бозор курси бўйича сотишлари мумкин. Шунингдек, халқаро тўлов карточкаларига туширган ҳолда сотиб олиш ва чет элда чекловларсиз фойдаланиш имконияти яратилди. Юридик шахслар долларни ҳозирги халқаро ва бошқа операциялар бўйича тўлаш учун ҳар қандай миқдорда сотиб олишмоқда.

Ҳозирги каби муҳим ислоҳотлар жараёнида мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифаларидан бири бўлган МХХ тезкор ходимлари мамлакатнинг иқтисодий кучига путур етказадиган ноқонуний валютафурушлар фаолиятини аниқлаш ва  тўхтатиш учун ишларни фаоллаштирмоқдалар.

Яқинда Миллий хавфсизлик хизмати бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан биргаликда ҳудудларда валютафурушларни қўлга олиш бўйича қатор махсус амалиётлар ўтказди.

Хусусан, Андижон вилоятида Ойбек Қаҳҳоров ва Гулбаҳор Мамадалиева жиноят устида қўлга олинди. Улар 20 минг долларни бир доллар учун 8100 сўмлик курсда жами 162 миллион сўмга сотишга ҳаракат қилишган. Ноқонуний келишув валютафурушларга 18.800 доллар миқдорида пул топширилган вақтда тўхтатилди.

Самарқанд вилоятида Жавлон ва Жавҳар Ўктамовлар ўз тоғалари Хусен Шарофиддиновнинг уйида мижозга 81 миллион сўмни 10 минг долларга тўлов тариқасида бераётган вақтларида қўлга олинди.

Жавҳар Ўктамов дастлабки тергов пайтида валютанинг ноқонуний савдоси билан шуғулланиши ва уйдаги барча пуллар унга тегишли эканини тан олди.

«Ўтказилган тинтув давомида тезкор ходимлар уйнинг олдида турган икки «Ласетти» автомобилидан 36 миллион сўмдан ортиқ маблағни ашёвий далил сифатида аниқлашди ва олиб қўйишди. Ҳаммаси бўлиб бу махсус амалиёт давомида 18 309 доллар, 224 миллион сўм, 137 минг Россия рубли, 325 евро, 12 минг Қозоғистон тенгеси мусодара қилинди», - дея айтиб ўтди ҳуқуқ-тартибот идораси вакили.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ушбу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) бўйича иш қўзғатди.

Мавзуга оид