Фан-техника | 08:07 / 29.09.2017
120009
10 дақиқада ўқилади

Chevrolet Lacetti’ни севиш ва уни ёмон кўриш учун 5 сабаб

Мухлисларимизнинг истакларига қулоқ тутиб, муносиб деб аташ мумкин бўлган автомобиллардан бирини нега севишлари-ю, ундан нега нафратланишлари ҳақидаги маълумотни эълон қилишга қарор қилдик. Chevrolet Lacetti муҳаббатга ҳам, нафратга ҳам сазовор бўлган автомобиль ҳисобланади, лекин тан олиш керак, унга меҳр берганлар кўпроқ, деб ёзади Колёса.Ру. 

Россия бозорида бу қадар узоқ йўл босган ва ўз нуфузига доғ туширмаган бошқа бирор автомобилни эслаб топиш қийин. Беҳазил, «лачетос» жаҳондаги премьерасидан 1–2 йил ўтгач — 2004 йилдан буён Россияда тўхтовсиз сотилиб келинмоқда.

Бир тасаввур қилиб кўринг-а, айни пайтга келиб, бутун бир умрини яшаб ва ўзига яраша обрў эътибор қозонишга улгурган ВАЗнинг «Гранта»си ишлаб чиқарилиши бошланишига ҳали етти йил бор эди... 

Фото: Chevrolet Lacetti '2004 – ҳозирги вақтгача

Модель ҳозир ҳам тирик — 2013 йилда Ўзбекистондан Россияга аввал Daewoo бренди остида, 2015 йилдан сўнг Ravon Gentra (Кореяда ясалган ҳэтчбек юзи, 1,5 литрли мотор, 6 поғонали автомат ёки 5 поғонали механик узатмалар қутиси билан) экспорт қилина бошланди. «Асил» Lacetti’нинг автомат узатмалар қутилиси 4 поғонали эди, лекин моторлари уч хил бўлган – 1,4 л (95 от к.), 1,6 л (109 от к.) ва 1,8 (122 от к.). Бу фарқларга қарамасдан, автомобиль ҳамон ўша-ўшалигича қолган, шу сабабли оғизда «Лачетти» десак ҳам «Равон»ни тушунаверамиз. Ушбу мақоламизнинг интиҳосида «Равон»нинг характерли хусусиятларига албатта алоҳида тўхталамиз.

Нафрат №5: Шовқиндан кучсиз ҳимояланганлик

Қиммат бўлмаган авто эгаларининг аксарияти шовқиндан ҳимояланганлик борасида ёзғиришади, лекин Лачетти билан боғлиқ ҳолатда, холис тан олиш керак, у чиндан ҳам таъмирга муҳтож — 3000 айланиш/дақиқадан бошлаб моторнинг овози рўй-рост эшитила бошлайди, ғилдирак аркаларидаги гувиллаш эса ундан ҳам олдинроқ сезилади. Олд ўриндиқда у двигатель шовқини билан бироз босилса-да, орқадаги йўловчилар уни аниқ-тиниқ эшитишади.

Фото: Chevrolet Lacetti торпедоси

Муҳаббат №5: Эскирмас дизайн

Маълумки, седанлар ва ҳетчбекларда автомобилнинг олдинги қисми тузилиши фарқланади ва дизайннинг «абадий»лиги қўшҳажмлисига (2.0 л) кўпроқ тааллуқли: бу шунчаки кузовнинг сокин ва уйғун чизиқларига эга, бирор бир тамтароқли элементларсиз ҳэтчдир. Айтинг-чи, у зерикарлими? Лекин автомобилни сотиб олаётганлар ҳамон у чиройли эканлигини эътироф этиб келишмоқда! Бу нарх даражасида бундай мақтов катта ютуқ.

Нафрат №4: Кучсиз елдириш динамикаси

Автомобилни сўкишар ёки мақташар экан, динамикани кўпроқ ёқилғи сарфи билан боғлашади — юрмайди, бензинни “ичади” (ёки аксинча) қабилида — Лачеттининг айрим эгалари ўз машиналари кўрсаткичларини айнан шундай таърифлашади. Лекин уни ҳеч қандай «очофатлик»да айблаб бўлмайди: «паспорти бўйича» шаҳар циклида механик узатмалилари 100 км йўлга 9,3 литр (1,4 л моторда), 9,1 л (1,6) ва 9,8 л (1,8) ёқилғи сарфлайди. Автомат қутига эга 1,6 литрлисида бу 12–14л/100 км — 4 поғонали «автомат»лар учун меъёрдаги кўрсаткич, шикоятга ўрин йўқ. Лекин 100 км/соат тезликка 11,6–10,7 сонияда эришиши Lacetti ҳайдовчисига ўзига нимадир етишмаётганидек ҳис қилишига замин яратади. Фақат 1,8 литрликлари сал тезроқ — 9,5 сонияда жойидан 100 гача жилади, бироқ бунақаси Россияда кам. 

Фото: Chevrolet Lacetti Sedan CDX 

Муҳаббат №4: Орқа осма ва тормозлар учун «илғор» ечимлар 

Мустақил орқа осма ва орқа ғилдираклардаги дискли тормозлар — бу нарх сегментида ҳозирги кунда бирорта автомобиль бундай афзаллиги билан мақтана олмайди, бу бежизга эмас: бундай ечимларнинг эксплуатация плюслари юмшоқроқ қилиб айтганда, яққол кўзга ташланмайди. Лекин бундай «фишка»лар эвазига россиялик автомобилчи кўзига автомобиль статуси бир класс юқори кўринади.

Фото: Chevrolet Lacetti Hatchback CDX

Нафрат №3: Юриш қисми элементларининг қисқа ресурси

Нима бўлганда ҳам, Chevrolet Lacetti’нинг осмаси хусусиятлари — қизғин муҳокамалар мавзусига айланган. Орқадаги ричагли осма машинани бошқарувда қизиқроқ қиладими? Лекин ярим мустақил балка ишончли, содда ва хизмат кўрсатилиши арзонроқ бўларди. Қаттиқ ва эгилувчан олд осма аниқроқ манёвр қилишга кўмаклашадими? Лекин катта тезликда у барибир оғишга йўл қўяди, унинг қаттиқлиги ҳаммага ҳам ёқавермайди. Нима десангиз денг-у, Лачеттининг юриш қисмидаги айрим компонентларини «ўлдириш» жуда осон, айниқса унчалик батартиб бўлмаган ҳайдовчилар учун чикора. Муддатидан аввал алмаштирилишга амортизаторлар устуни, стабилизатор устунлари дучор бўлади. Лекин бу икки «касаллик» Россия асфальтларида юрган улкан миқдордаги бошқа автомобилларга ҳам хос.

Фото: Chevrolet Lacetti Hatchback CDX 

Муҳаббат №3: Кенг салон

Бу автонинг кўплаб эгалари Россияда ишлаб чиқарилган миллий автомобиллар — асосан LADA Priora, Granta ва Kalinaдан сўнг харид қилишган. Бу машиналарга таққосланганида Лачеттида ҳақиқатдан ҳам кенг салон мавжуд. Айниқса буни орқа ўриндиққа ўтирган йўловчилар яққол сезишади. Бу — бир-икки сантиметр қўшимча юза янги ёқимли туйғуларни ҳадя этадиган ҳолатнинг ўзгинаси.

 Нафрат №2: Остидан йўлгача оралиқ жуда кам

Фото: Chevrolet Lacetti Hatchback CDX 

140 мм атрофидаги клиренсга эга автомобиллар Россияда ўзини яхши ҳис қилмайди, бир пайтлар Ford Focus’нинг олдинги версиясига ҳам тонналаб эътирозлар бўлган эди, кейинги авлод машиналарида оралиқ масофа оширилди. Lacetti’да эса клиренс 145 мм.лигича қолган ва улкан олд қисми билан ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдиради ва улар ўзларининг эътирозларини Интернетга сочишади. Бу борада Дастра ва Нивада рус йўлларида ўзингни бехавотирроқ сезасан. Дарвоқе, Лачеттининг ҳозирги инкарнацияси бўлмиш Ravon Gentra седанида ҳам клиренс ўша миқдорда қолдирилган.

Фото: Ravon Gentra 

Муҳаббат №2: Бутловчи қисмлар арзон

Русларнинг миллий «қария»си Лада билан таққосдан қочиб бўлмайди, шу сабабли олдинги пункт бўйича рус бренди Шевролени қуруқ ҳисобда ютса, эҳтиёт қисмлар нархи бўйича Лачетти реванш ололади. Гап шундаки, аксарият бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг нархи Ладаники билан тенг миқдорда. Шундай қилиб, Лачетти рус автосеварларининг энг мукаммал орзуси: чинакам хорижий автомобиль, унга хизмат кўрсатиш эса Ладаники сингари.

Нафрат №1: Клапан қопқоғи остидан мой оқади

Ўз машинаси капоти остига ҳеч бўлмаса бир марта назар ташлаган ҳар қандай ҳайдовчи бунга гувоҳ бўлган: клапанлар қопқоғи остидан мой сизиб чиқади. Ҳаттоки GMнинг асл прокладкаси ҳам свечалар қудуғигача оқиб борувчи ёғ изларини қўйиб юборади. Ушбу касаллик сурункали ҳисобланади ва турли муддатларда бўй кўрсатади: баъзан қопқоқ 20 минг километрда «терласа», баъзан 2 минг километр етарли бўлади. Баъзан эса 120 минг км атрофида йўл босилганидан сўнг мой сизиб чиқади ва бу Lacetti эгасининг безовталаниши учун яккаю ягона сабабдир. 

Муҳабат №1: юқори даражадаги ишончлилик

Ўйдим-чуқур йўллардан авайлаб ўтишни эплайдиган ҳайдовчилар Лачетти билан биргаликдаги ҳаётини осойишталик билан ўтказишади. Автомобиль иссиқ печкаси, қулай ўриндиғи, яхши бошқарув, энг асосийси — двигателлари ресурсининг юқорилиги ва шасси компонентларини ишончлилиги билан кишини қувонтиради. Унинг конструкцияси икир-чикиригача ўйлаб чиқилган, шу сабабли автомобилнинг умри узоқ бўлиши таъминланган.

Фото: Chevrolet Lacetti Hatchback CDX

Юқорида санаб ўтилган эътирозлар (аслида уларни нафратланиш учун сабаб сифатида кўрсатишнинг ўзи нотўғри, шунчаки форматимиз шунақа) дан ташқари автомобиль эгалари кузов металлининг «юмшоқ»лиги, автомат узатмалар қутилиги «очкўз»лиги, механик узатмалар қутиси ричагининг узунроқ қадам ташлаши, ойналарининг терлаши, ноқулай иқлим блоки, «ўта оддий» интерьердан шикоят қилишади... Бундай эътирозларни аввал ҳам қаердадир ўқигандексиз, а? Тўғри, Lada автомобилларига берилган тақризларда. Камдан кам «бюджетли» автомобилда эътирозлар рўйхати сабаби шунчаки ўта бюджетли эканлигига бориб тақалади, шундай эмасми?

«Афсуски, унақасини энди ишлаб чиқаришмаяпти» деган битикларни тез-тез ўқиб қоламиз, лекин Ravon Gentra кўринишидаги муқобил ҳаммага ҳам мос келавермайди: кимгадир ҳэтчбек  ташқи кўриниши билан ихчам ва уйғундек кўринади, Равоннинг гаммасида эса унақаси йўқ, фақат седан. Плюс ва минуслар худди Лачеттиникидек қолган, фақат бамперларнинг лок-бўёқ қатлами биринчи минг километрдаёқ сидирилиб туша бошламоқда. 

Лекин бунақаси «ҳақиқий» Lacetti’лар билан ҳам юз бериб турган, қолгани эса... Хуллас, Ravon Gentra’нинг борлиги жуда яхши — кимдир «бюджетли» автомобилнинг бундай вариантини оптимал деб топар. Ва у кўп масалада ҳақ бўлиб чиқади.

Мавзуга оид