АҚШда 40 йил ичидаги энг йирик кема фалокатларидан бирининг сабаби аниқланди
2015 йил октябрда АҚШнинг "Эль Фаро" кемасининг Багам ороллари яқинида ҳалокатга учрашига кема сардори хатоси сабаб бўлган. Ҳалокат 33 кишининг ҳаётини олиб кетган. Бу ҳақда АҚШ соҳилбўйи қўриқлаш хизмати ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳужжатда айтилишича, юз берган воқеа АҚШ тарихида денгизда содир бўлган энг ёмон фалокатлардан бири бўлган ҳамда "40 йил ичида АҚШ кемалари чўкиши оқибатида энг кўп қурбонларга олиб келган". Мутахассисларнинг фикрича, кема сардори Майкл Дэвидсон "Хоакин" довулининг кучини тўғри баҳолай олмаган ва кемани довулдан олиб қочиш учун унинг йўналишини ўзгартирмаган. У, шунингдек, табиий офат оқибатида юз берган вазиятни етарлича баҳолай олмаган ва кемани қутқариш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.
Ҳисоботда айтилишича, шошилинч туфайли кемадаги юк бир текис тақсимланмаган ва бунинг оқибатида кема бир томонга кучли ёнбошлаб қолган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, довул вақтида кеманинг бош двигатели ўчиб қолган. Бундан ташқари, кема жамоасининг ҳамма аъзолари ҳам инглизчада яхши гаплаша олишмаган ва хавфсизлик талаблари билан яхши таниш бўлишмаган.
Кема 2015 йил 1 октябрда экипажнинг 33 аъзоси билан чўкиб кетган. У Жексонвилл портидан (Флорида штати) Пуэрто-Рикога 391 та контейнер олиб кетаётган бўлган. Двигателлар ишламай қолгандан кейин кема трюмига сув кира бошлаган. Шундан кейин кема билан алоқа узилган.
АҚШ соҳилбўйи қўриқлаш хизмати кема экипажи аъзолари ва кемани излаш учун фуқаролик ва ҳарбий авиацияни жалб қилан. Тез орада кеманинг қолдиқлари 4,6 км чуқурликда аниқланган. Қолдиқларнинг ўрганилиши кемага катта талофат етказилганини ва у бир неча бўлакка бўлиниб кетганини кўрсатган. Кема палубаларидан бири кеманинг асосий қисмидан 1 км узоқликда аниқланган.
Денгизчилар жасадлари топилмаган ва уларнинг барчалари ҳалок бўлган деб тан олинганлар.