Ўзбекистон | 17:40 / 03.10.2017
26798
3 дақиқада ўқилади

Фотолавҳа: Бекобод-Тошкент-Бекобод электрпоезд қатнови йўлга қўйилди

Фото: KUN.UZ

2017 йил 3 октябрь нафақат “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, балки Ўзбекистоннинг энг янги тарихида яна бир саҳифа билан ёдда қолади. Гап шундаки, бугун Бекобод-Тошкент-Бекобод йўналиши бўйича замонавий электропоезд қатнови қайта йўлга қўйилди. 

Шу йилнинг 16 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташриф буюрган чоғида шаҳарликларга янада кўпроқ қулайликлар тақдим этиш мақсадида таклиф ва тавсияларини берган, шу жумладан Бекобод-Тошкент-Бекобод йўналиши бўйича электричкалар қатновини қайта тиклаш вазифасини қўйган эди. 

 

Бекобод шаҳри Тошкент вилоятининг энг узоқ шаҳарларидан бири ҳисобланади. Эндиликда, таркибида 6 та замонавий, кенг ва шинам қилиб таъмирланган, юмшоқ ўриндиқлар ўрнатилган вагондан иборат электропоезд шаҳарни Ўзбекистон пойтахти билан боғлайди. 

 

 

Қайд этиш жоизки, ушбу поезд қатнови вақтларини белгилашда бевосита халқ фикри ўрганилиб, белгиланди. Эрталаб 6-35 да Бекобод шаҳридан йўлга чиққан поезд Ховос, Янгиер ва Гулистон бекатларида тўхтаб, 183 км масофани 2 соат-у, 45 дақиқада босиб ўтиб, 9-20 да Тошкент шаҳрига етиб келади. 

Ҳавони мўътадиллаштирувчи махсус ускуналар билан жиҳозланган вагонлар “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖда тубдан реконструкция қилинди. Уларнинг ҳар бирига йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида махсус кузатувчилар бириктирилади.

Таъкидлаш ўринлики, аҳолига юқори даражада хизмат кўрсатиш мақсадида Бекобод шаҳри вокзали қисқа муддатда қайта капитал таъмирланди. Бу ерда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган сервисни ташкил этииш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Вокзалда 150 нафар йўловчига мўлжалланган кутиш зали, она ва бола, тиббиёт хоналари мавжуд бўлиб, қулай ўриндиқлар қўйилган. Кутиш залида ҳаво совутгичлар ўрнатилди ва бошқа қулайликлар барпо этилди. 

Бундан ташқари, 3 октябрда шаҳарни икки қисмга бўлиб турувчи темир йўлни кесиб ўтувчи янги автоўтказгич ҳам очилди. Бундан аввал, шаҳар аҳолиси бир ҳудуддан иккинчисига ўтиши учун 12 кмгача (бир томонга) масофани босиб ўтишлари талаб этилар эди. Бир неча 10 йиллардан бери баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган йўлўтказгич Президентнинг маҳаллий оқсоқол фаоллардан бирининг таклифини қўллаб-қувватлагани ва кўрсатма бергани эвазига барпо этилди ва халқнинг узоғи яқин бўлди.

 

Маълум қилинишича, яқин кунларда мазкур электропоезд қатновини кунига 2 марта амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ҳозирча, чипта нархи неча сўмлиги расман эълон қилинмаган бўлса-да, айрим маълумотларга биноан у 7 минг 700 сўмни ташкил этади.

Мавзуга оид