Спорт | 15:20 / 05.10.2017
25300
11 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Криштиану Роналду

Фото: Reuters

Етти ёшлигимдан жуда ажойиб хотиралар сақланиб қолган ва мен худди кечагидек ҳар бир воқеани кўз олдимда жонлантира оламан. Мен оилам билан боғлиқ бу хотираларни эслаганимда бирданига танамга илиқлик югуради.

Мен эндигина ҳақиқий футбол билан шуғулланишни бошлагандим. Аввалроқ мен фақат Мадейра кўчаларида болалар билан футбол ўйнардим. Биласизми, «кўча» деб мен ростанам «кўча»ни назарда тутяпман, бўш майдонни эмас, сабаби, ростдан ҳам, ҳар машина ўтганида биз ўйинни тўхтатиб турар ва «стадион»имиз бўшашини кутардик. Менга бу ўйинлар жуда ёқарди, лекин отам CF Andorinha мухлиси бўлган, мени болалар жамоасига боришни истарди. Бу билан отам ғурурланишини билардим ва мен шундай қилдим ҳам.

Биринчи кундан шу қадар кўп қоидалар ҳақида гапиришдики, кўпини тушунмасам ҳам, менга ёқди. Менга машғулотларнинг ташкил этилиши, ғалабаларга бўлган интилиш ёққанди. У бизнинг ҳар бир ўйинимизни майдон четидаги тўсиқлар ортидан томоша қилар, менимча, мазза қиларди. Онам ва опам эса, футболга умуман қизиқмас эди.

Ҳар куни кечки овқат пайтида отам уларни безор қилиб юборарди – менинг қандай ўйнаганим, қандай гол урганим ва ҳоказоларни айтиб берарди у. Отам футболдаги биринчи агентим бўлган, десам ҳам бўлади. Эсимда, футболдан қайтибоқ отам «Криштиану гол урди» деб ҳайқириб кириб келар, улар эса «О, мунча яхши» деб ҳам қўйишмасди. Уларни ростан ҳам футбол умуман қизиқтирмасди, ишонасизми?

Бошқа куни «Криштиану иккита гол урди!». Барибир ўша манзара, мен нимаям қилардим, жимгина гол уришда давом этардим холос.

Бир куни дадам келиб қатъиян деди: «Криштиану бугун учта гол урди. У ажойиб ўйин кўрсатди, сизлар ҳам бирор кун мен билан бирга бориб, томоша қилишларинг керак».

Лекин барибир, ҳар гар футбол ўйнаётганимда ўша отам турадиган томонга қарар ва унинг ёлғиз эканини кўрардим. Аммо бир куни, мен бу кунни унутмайман, чигалёзди машғулотларни қилаётиб қарасам, онам ва опаларим трибунада мен томонга қараб ўтиришарди. Қандай тушунтирсам экан, йўқ улар гўёки футбол томоша қилаётгандек эмасдилар, бир-бирларини пинжиларига кириб ўтириб олишган ва фақат мен томонга қараб қўл силкитишарди. Улар қарсак ҳам чалишмас, майдонда нима бўлаётганини тушунишмас, гўёки қандайдир парад ёки байрамда мени кўриб қолгандек ўтиришарди. Шундай бўлса-да, улар шу ерда эдилар ва менга шу кифоя эди.

Мен ўзимни жуда яхши ҳис қилгандим ўшанда. Мен учун бу катта нарса эди. Худдики, ичимга бир нарса кириб олгандек бўлди. Менимча, бу фахр туйғуси бўлган. Биз бой эмасдик, пулимиз кўп бўлмаган. У пайтларда Мадейрадаги ҳаётимиз кўпроқ яшаш учун курашни эслатарди. Мен акам совға қилган ёки холаваччаларимдан қолган эски этикда футбол ўйнардим. Аммо биласизми, ёш болаларга пул керак эмас. Болалар қандайдир ҳиссиётлар оғушида яшайди ва улар учун энг муҳими шу. Айнан мана шундай ҳиссиёт ўша куни менда жуда кучли бўлганди – мен ўзимни ҳимояланган ва севимли ҳис қилдим. Португал тилида биз буни menino querido da família (оиланинг суюкли фарзанди) деб атаймиз.

Фото: Getty Images

Ўша даврларни ўзгача энтикиш билан эслайман, чунки узоқ давом этмаган. Футбол менга кўп нарса берди, лекин бунинг учун мен оиладан, уйдан узоқда бўлишимга тўғри келди. 11 ёшимда Лиссабонга, «Спортинг» академиясига келдим ва бу ҳаётимдаги энг оғир дамлар эди.

Бу ҳақида ҳозир ўйлашга ҳам қўрқаман. Мана ҳозир, ўғлим 7 ёшда, тўрт йилдан кейин уни Парижга ёки Лондонга жўнатиш учун кийимларини сумкага жойлаётганимни тасаввур қиламан – даҳшат. Менимча бу имконсиз бўлса керак. Ўшанда ота-онам учун ҳам бу жуда оғир бўлганини биламан. 

Лекин бу менинг орзуларим йўлидаги имконият эди ва улар мени қўйиб юборишди. Ҳар куни йиғлардим. Ҳали ҳам Португалияда эдим, лекин бу гўёки жуда узоқ мамлакатга бўлган сафарга ўхшарди. Сўзлашув шеваси фарқли, маданият ва одатлар фарқли. Ҳеч кимни танимас эдим. Оиламдагиларнинг моддий имкониятида нари борса уч-тўрт ойда бир марта олдимга келишга етарди холос. Соғинардим, зерикардим ва деярли ҳар куни йиғлардим.

Ҳаммасига футбол сабабчи. Мен бошқалардан фарқли эканимни ўшандаёқ сезардим, мен амалга ошираётган баъзи ҳаракатларни академиядаги бошқа болалар қила олмасдилар. Буни шерикларим ҳам, ҳатто мураббийлардан ҳам эшитиб қолардим. Аммо кўпинча, мен жуда нозиклигимни гапиришарди. «Яхши, яхши, лекин бу бола жуда нимжон» деб қўйишарди. Ўшанда, ўн бир ёшимда бир қарорга келдим – ҳа, мен иқтидорлиман, лекин ҳақиқий футболчи бўлишим учун бошқалардан кўпроқ шуғулланишим керак, болаларга ўхшаб ўйнашни йиғиштиришим керак. Мен гўёки дунёнинг энг яхши футболчи бўлиш учун шуғулланишни бошлашим керак эди.

Бундай ўйлар менга қаердан келганини билмайман. Кимдир менга бу ҳақида айтмаган, бу истак ичимдан келганди. Биласизми, буни очлик туйғусига қиёслаш мумкин: қачон мақсадга етмаганингизда, мағлубиятга учраганингизда очқаб қолгандек ҳолатга тушиб қоласиз. 

Мен қечқурунлари ётоқхонадан қочиб чиқиб, шуғуллана бошладим. Жисмоний тарафдан кундан кунча катта бўлиб бораётганимни сезардим – майдонга чиққанимда нимжонлигимни гапирган одамлар энди, қиёмат қойим бўлгандек тикилиб қолишса керак. Ўн беш ёшларда бўлсам керак, баъзи жамоадошларимга қарата шундай деганим эсимда: «Қачондир мен дунёнинг энг яхши футболчиси бўламан».

Ўшанда улар роса устимдан кулишди. Мен ҳали «Спортинг»нинг асосий таркибига яқин келганим ҳам йўқ, лекин менда бундай ишонч ҳақиқатан ҳам бўлган. Мағлубиятга учрасангиз, ўзингизни оч ҳис қиласиз-ку, биласизми, ғалаба қозонганда ҳам худди шундай бўлади – худдики, сиз бир нима едингиз, лекин кичик бир бўлак холос, яна егингиз келади.

17 ёшимда, профессионал футбол ўйнай бошлаганимда, ойим мен иштирок этган ўйинларни кўра олмасди. Айниқса, катта ўйинларда шу қадар асабийлашардики, бир неча марта ҳушидан ҳам кетиб қолган. Врачлар ўйинлар томоша қилиш учун алоҳида дорилар ёзиб берадиган бўлишди. Эсингдами, бир пайтлар умуман футбол билан ишинг йўқ эди, дегим келарди.

Орзуларим кундан-кунга оша бошлади. Терма жамоада ўйнашни, Манчестерда ўйнашни истай бошладим, Премьер Лига менга жуда ёқар, телевизорда доим томоша қилардим. У ердаги муҳим, мухлислар шовқини, қўшиқлар мени ўзига ром қилганди. Манчестерда ўйнашни бошлаганимда мени фахр туйғуси чулғаб олганди, айниқса, оиламдагилар кўпроқ ғурурланган бўлсалар керак. 

Аввалига совринлар мен учун жуда ҳиссиётли бўлган, эсимда илк бор Англия чемпиони бўлганимда ҳам, «Олтин тўп»ни ютиб олганимда ҳам. Лекин орзуларим жойида турмас, бошқа манзиллар сари чорлай бошларди.

Менга Мадрид доим ёққан, у ерда янги совринларни ютиб олиш, клуб афсонасига айланиш, бир қатор рекордларни уришни хоҳлардим.

Лекин ростини айтаман, сўнгги икки йилда ғалабалар, совринлар менга бутунлай бошқача ҳиссиётларни тақдим этишни бошлади. Мадридда агар ғалаба қозона олмасанг, ҳаммасини юта олмасанг, сен учун мағлубият билан тенг. Бошқалар сен ҳақингда шундай ўйлай бошлашади. Бу менинг вазифам. Аммо ота бўлиш бутунлай бошқача, Мадридда мени бошқача инсонга айлантирган муҳим жиҳат мана шу. Мен энди шунчаки бир футболчи эмасдим. Айниқса мен ва ўғлим билан боғлиқ бир воқеа ҳеч эсдан чиқмайди.

Фото: Reuters

Бу биз Кардиффда Чемпионлар Лигасини ютиб олган кун эди. Ҳакам ҳуштаги янграгач, мен гўёки бутун дунёга бир нимани исботлагандек, ҳаммага қарата нимадир дегандек ҳис қилдим. Аммо бироз ўтиб, олдимга ўғлим келди. Бир зумда барча ҳиссиётлар бутунлай бошқа йўналишда ўзгариб кетганди, ишонасизми? У Марселонинг ўғли билан майдонда югуриб юрарди. Ўғлим билан бирга совринни қабул қилиб олдик. Кейин иккимиз қўл ушлашиб, майдон бўйлаб юра бошладик.

Бу бахтни мен ота бўлмасимдан олдин тушуна олмас эдим, бу аниқ. Буни сўзлар билан ифодалаб беришнинг иложи йўқ. Бу ҳолатни мен фақат ўша ёшлигимдаги, трибунада ойим билан опамни кўриб қолганимда ҳиссиётларга қиёслашиб мумкин холос.

Бернабеуга қайтиб, ғалабани нишонлаётганимизда, кичик Криштиану Марселонинг ўғли билан майдонда футбол ўйнаб юришганди. Барча мухлислар кўз ўнгида. Бу саҳна менинг Мадейрада, унинг ёшида тўп тепиб юрганимдаги вазиятдан бошқача эди. Тўғри, лекин ўшанда отам мени кузатиб, нималарни ҳис қилганини энди тушунгандекман. Назаримда, ҳозир ўғлим ҳам менинг ўша ёшлигимдаги ҳиссиётларни бошдан кечирмоқда - Menino querido da família.

Мадриддаги 400 ўйиндан кейин ҳам мақсадим ўша ўша – майдонга тушиш ва ғалаба қозониш. Менинг табиатим ўзгармаган, мен ҳали ҳам рекордлар ўрнатиш, совринлар ютиш, голлар уришга чанқоқман. Аммо Мадриддаги ҳаётимнинг энг муҳим бўлаги бошқа – қачонки, бир кун тўқсон беш ёшга кирганимда, невараларимни ёнимга ўтқазиб олиб, ҳаётим ҳақида ҳикояни бошлаганимда, энг кўп ўша воқеани, ўғлимнинг қўлидан ушлаб чемпионликни нишонлаганимда тўлқинланиб гапириб бераман.

Умид қиламанки, биз бу ишни яна такрорлаймиз.

Криштиану Роналду

Мавзуга оид