Жамият | 11:00 / 05.10.2017
43212
2 дақиқада ўқилади

Коллеж ўқувчиси бўлган қизнинг сумкасидан гиёҳванд модда топилди

Гиёҳвандлик ва у билан боғлиқ муаммолар ҳеч ким учун сир эмас. Лекин афсуски унинг барча оқибатлари, тузатиб бўлмас асоратлари ҳақида қанчалик кўп олдиндан маълумотга эга бўлишимизга қарамай, бу иллат жамиятда учраб турибди. Унинг домига айрим вояга етмаган ёшлар ҳам тушиб қолаётгани ачинарли ҳолат. 

“Ўзбекистон24” телеканалининг хабар беришича, Чилонзор туманида жойлашган коллежларнинг бирида таҳсил оладиган Анвар таниши Гулига телеграмм ижтимоий тармоғи орқали ўзаро суҳбати давомида ўзида гиёҳвандлик моддаси борлигини айтиб, уни тайёрлаш жараёнларини ҳам яхши билишини, хоҳласа унга ҳам ўргатишини айтади. Эртаси куни оқ қоғозга ўралган кичик ҳажмдаги ушбу гиёҳвандлик моддасини Гулига коллеж ҳудудига олиб келиб беради. 

Ўқув масканида фаолият олиб бораётган Ёшлар иттифоқи етакчиси шубҳали ҳолат ҳақида Чилонзор тумани Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходимларига мурожат қилиб хабар беради. Аниқлик киритиш мақсадида инспектор коллежга бориб, Гули билан суҳбатлашади. Буюмлари гувоҳлар иштирокида текширилганда, Гули ўзи билан гиёҳвандлик моддасини олиб юрганлиги маълум бўлади. Ушбу модда тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинади.

Дастлабки суриштирув ишларида Гули ушбу моддани Анвардан олганлигини айтади. Анвар ҳам тергов ишларига жалб қилинади. Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Яна бир ҳолат. Олмазор туманида жойлашган Шифобахш сувлар блок постида хизмат олиб бораётган Йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ҳудудига кириб келаётган Спарк автомобили тўхтатилиб, белгиланган тартибда текширилади. Йўловчи сифатида кетаётган коллеж ўқувчисининг буюмлари текширилганда, махсус идишдаги суюқлик уларнинг эътиборини тортади. Ушбу суюқлик гувоҳлар иштирокида расмийлаштирилиб олинади. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу суюқлик таркибида канабис мойи борлиги аниқланди. Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан тергов харакатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид