Жасурбек иши бўйича навбатдаги гувоҳлар сўроқ қилинди
Бугун 5 октябрь куни Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судида П.Боровский номли тиббиёт коллежининг собиқ талабаси, марҳум Жасурбек Иброҳимов ўлими юзасидан навбатдаги, 4-суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлиси аввалида судга раислик қилувчи судья М.Матчонов Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра, ҳеч ким судниг ҳал қилув қарори чиқмагунига қадар айбдор ҳиссобланмаслигини ОАВ вакиллари ҳамда очиқ суд мажлисида иштирок этиш учун келган фуқароларга эслатиб ўтди. Маълумки, ушбу иш бўйича П.Боровский тиббиёт коллежида таҳсил олган Исломбек Тўлаганов судланувчи курсисида ўтирибди.
Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган тергов натижаларига кўра, у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатларини содир этганликда айбланмоқда.
Бугунги суд мажлисидан эътиборан судланувчи Тўлаганов И.ни яна бир адвокат Рустам Иброҳимов ҳам ҳимоя қиладиган бўлди. Судья Матчонов раислигида бўлиб ўтган суд эшитувларида навбатдаги гувоҳлар Ҳайитбоев Ҳурмат ва Пўлатов Муҳаммад (Ўлмас)нинг кўрсатмалари тингланди.
Суд мажлисида Пўлатов Муҳаммад кўрсатма бериш аввалида прокурор Акромов гувоҳнинг вояга етмаганини инобатга олиб, унга қонуний вакилини тайинлашни судьядан сўради. Судья Матчанов прокурор таклифини инобатга олиб, гувоҳ Пўлатовга онасини қонуний вакил сифатида тайинлади. Пўлатов, шунингдек, вояга етмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 238-, 240- моддалари билан огоҳлантирилмади, аммо тўғри гувоҳлик бериш мажбурияти борлиги маълум қилинди.
Ҳайитбоев Ҳурмат ва Пўлатов Муҳаммад ўз кўрсатмаларини бериб бўлганидан сўнг, суд раиси, прокурор, судланувчи ва жабрланувчи адвокатлари гувоҳларга мурожаат қилиб, воқеага ойдинлик киритиш мақсадида саволлар беришди.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024