Жаҳон | 09:15 / 08.10.2017
42259
2 дақиқада ўқилади

Лас-вегаслик «мерган» қолдирган ёзув мазмуни ошкор қилинди

Фото: AFP

Лес-Вегасда оммавий қотиллик содир этган Стивен Пэддок тўхтаган меҳмонхона хонасида топилган ёзувда қотил иложи борича кўпроқ одам ўлдириш учун мўлжални тўғри олиш бўйича амалга оширган ҳисоб-китоблар борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда CBS телеканали хабар бермоқда. 

Телеканал эфирида ушбу янги тафсилотларни Пэддокнинг хонасини штурм қилишда иштирок этган ва унинг жасади ҳамда қуролини кўрган 4 нафар полициячи ошкор қилди. Жумладан, полиция зобити Дэйв Ньютоннинг айтишича, у Пэддокка тегишли ёзувни ойна олдидаги тумбочкада аниқлаган.

"Мен қотил ёзувда нишонгача масофа, жойлашган баландлиги ҳақида ёзганини кўрдим. У нишонга бехато уриш, қаерга ўқ узишни билиш учун ҳаммасини олдиндан ҳисоб-китоб қилиб чиққан", деб маълум қилди полициячи.

Пэддок содир этган отишма оқибатида 58 киши ҳалок бўлди. Қотил жиноятни содир этгач, ўз жонига қасд қилган. Қотил отишмани меҳмонхонанинг 32-қаватидаги хонадан олиб борган. Унинг хонаси тинтув қилинганда 23 та ўқотар қуроли аниқланган.

Мавзуга оид