Жамият | 08:36 / 14.10.2017
6603
2 дақиқада ўқилади

Калифорнияда фавқулодда вазият тартиби эълон қилинди

Фото: Global Look Press

АҚШнинг Калифорния штати раҳбарияти гепатит А эпидемияси туфайли штатда фавқулодда вазият тартибини киритди. Бундай чоралар штат соғлиқни сақлаш бошқармасига вакциналарни бевосита ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиб, жабрланган ҳудудларга бериш имконини тақдим қилади.

Калифорнияда АҚШда 22 йил ичидаги энг катта кўламли гепатит А эпидемияси кузатилмоқда. Касаллик штатнинг бир қатор округларида авж олгани қайд қилинган. Касалланганлар орасида бошпанасиз ва гиёҳвандлар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Штат раҳбариятининг фикрича, вируснинг тарқалишини тўхтатишнинг энг самарали йўли хатар гуруҳига кирувчи аҳолини вакцинациялаш ва санитар вазиятни яхшилаш ҳисобланади.

Калифорния соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йил ноябридан штатдаги Сан-Диего, Санта-Круз ва Лос-Анжелес шаҳарларида 560 та касалланиш ҳолати қайд қилинган. Улардан 17 таси ўлим билан тугаган. Эпидемия авж олиши Мичиган ва Колорадо штатларида ҳам қайд қилинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таърифлашича, гепатит А жигарнинг вирусли касаллиги бўлиб, енгил ва оғир шаклларда кечиши мумкин. Бу гепатит тури ифлос озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув истеъмол қилиш ёки касалланган одам билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш вақтида юқади.    

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид