Ўзбекистон | 09:08 / 14.10.2017
77536
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев электр энергияси ва табиий газ бўйича йиғилиш ўтказди

Фото: prezident.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 13 октябрь куни саноат ва ижтимоий соҳа объектлари, аҳолини табиий газ, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги қарздорликни бартараф этиш, ушбу йўналишдаги амалий чора-тадбирларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ва тегишли мутасаддилар ҳисоботи тингланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Бош прокурори, “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компаниялари раҳбарлари, мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди. 

Асосий эътибор, аввало, аҳоли, ишлаб чиқариш объектлари, ижтимоий муассасаларни табиий газ, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги тўловларнинг амалга оширилиши, бугунги ҳолат ва муаммоларга қаратилди. 

Соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп. “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” тизимида янгиликка интилишнинг етишмаслиги, ўзибўларчилик ва талон-тарожлик ҳолатлари мавжудлиги, афсуски, ҳамон бу соҳада муаммолар сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда. 

Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида айрим соҳалар раҳбарларининг ишга совуққон муносабати, ҳамон учраётган эскича қарашлар мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, бундай ҳолатларга ўз вақтида тегишли чоралар кўриш, ишни ташкил этишда янгича ёндашувларни ҳаётга татбиқ этиб бориш вақти келганини таъкидлади. 

Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда Мажбурий ижро бюроси фаолияти, қарздорликларни ундириш, ҳуқуқбузурликларни фош этиш, суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш, ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. 

Давлат раҳбари йиғилишда Мажбурий ижро бюроси фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш, саноат тармоқлари мутасаддилари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликни кенгайтириш каби муҳим вазифалар бўйича топшириқлар берди.

Мавзуга оид