Ўзбекистон | 07:20 / 15.10.2017
89440
3 дақиқада ўқилади

Президент Илгизар Собировни Хоразм вилоятининг янги ҳокими сифатида таништирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Илгизар Матякубович Собиров Хоразм вилояти ҳокими лавозимига тайинланди.

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 15-банди ва 102-моддаси ҳамда халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг қарорига мувофиқ Илгизар Матякубович Сабиров Хоразм вилоятининг ҳокими лавозимига тайинлансин», дейилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни имзолаган фармонда.

Илгизар Собиров Хоразм вилояти раҳбари лавозимида Пўлат Бобожоновни алмаштирди. Вилоятнинг аввалги ҳокими Ўзбекистон ички ишлар вазири этиб тайинлангач, Илгизар Собиров вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.

1959 йилда туғилган Илгизар Собиров 2003—2005 йилларда Хоразм вилояти Қўшкўпир туманига ҳокимлик қилган. 2005 йили Олий Мажлис Сенатига сайланган. 2006 йили Сенат раиси этиб сайланиб, 2015 йилга қадар (икки муддат) шу лавозимда ишлаган.

Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи вақтида Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашиб, Илгизар Собировни вилоятнинг янги ҳокими сифатида таништирди.

«2012 йилдан буён вилоятга раҳбарлик қилиб келган Пўлат Раззоқович Бобожоновнинг муносиб ҳиссаси борлигини барчамиз яхши биламиз. 

Бу раҳбар берилган топшириқларни ўз вақтида масъулият билан бажариши, эл-юрт манфаати учун жон куйдириши, ташаббускорлик ва талабчанлик фазилатлари сабабли вилоятда обрў-эътибор қозонди. 

Ана шундай раҳбарлик салоҳиятини ҳисобга олиб, П.Бобожоновни янада масъулиятли вазифага – ички ишлар вазири лавозимига тайинладик. 

Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги сиёсий партиялар гуруҳлари билан, вилоят фаоллари ва оқсоқоллари билан маслаҳатлашган ҳолда, мен катта тажрибага эга бўлган, бир неча йиллар давомида юқори лавозимларда ишлаган, бугунги кунда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Илгизар Матяқубович Собиров номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этаман. 

И.Собиров 1959 йилда туғилган. Ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академияси, Тошкент юридик институти, Олий суд, Олий хўжалик суди, Президент девонида масъул лавозимларда ишлаган. Қўшкўпир тумани ҳокими, Олий Мажлис Сенати Раиси, Хоразм вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган, 2017 йил февраль ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилояти Халқ қабулхонаси мудири вазифасини бажариб келган. 

Илгизар Собиров Хоразм вилоятининг шароитини, унинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини, бу ердаги раҳбарларни яқиндан билади», деган президент.

Мавзуга оид