Light | 19:40 / 18.10.2017
32692
6 дақиқада ўқилади

Ўтроқ ҳаёт тарзининг 5та асосий салбий асорати

Гиподинамия — камҳаракат ҳаёт тарзи натижасида юзага келувчи организмнинг мушаклар фаолиятидаги заифлашув бўлиб, у касаллик ҳисобланмайди. Шундай бўлса-да, у миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. "Ортодокс" тиббий порталида ёзилишича, гиподинамия ўлим сабаблари бўйича ҳатто чекишни ҳам ортда қолдирар экан: 5,3 миллион киши - гиподинамиядан, 5 миллион киши чекишдан. Бу бор-йўғи бир йиллик маълумот.

БМТ Янгиликлар маркази маълумотларига кўра, катта ёшли аҳолининг учдан икки қисми жисмоний фаоллик етишмовчилигидан азият чекар экан. Шуни унутмаслик керакки, бундай ҳаёт тарзига амал қилувчи одамларда жиддий касалликлар ривожлана бошлайди. Қуйида уларнинг энг кенг тарқалганлари ҳақида маълумот берилади.

Варикоз

Вена томирларининг варикоз кенгайиши жаҳонда энг кенг тарқалган касалликлар орасида иккинчи ўринда туради. Ундан олдин фақат - кариес. 30 ёшдан ошган деярли ҳар бир кишида у ёки бу кўринишдаги варикозни аниқлаш мумкин, фақат ривожланиш босиқичида фарқ бўлади.

Энг оғир босқичлари (6та) гормонал фон ва туғуруқ сабаб аёлларда ва камҳаракат ҳаёт тарзини олиб борувчи кишиларда учрайди.

Инсон узоқ вақт давомида ҳаракатсиз қолса, оёқларнинг болдир ва товон мушаклари керагича ишламайди ва натижада томирлар тонусининг заифлашуви ва қон юриши сусайиши  бошланади. Илгари шу касалликдан "тик туриб ишлайдиган" касб эгалари (жарроҳлар, сартарошлар, ўқитувчилар) азият чекишган бўлса, компьютерлар пайдо бўлиши билан гиподинамия глобал муаммога айланди. Ҳатто "компьютер варикози" атамаси ҳам пайдо бўлди.

Қандай даволаш мумкин? Энг яхши усули доимий ҳаракат, шунингдек сузиш - у қон томирлари тонусини кўтаради, оёқларда қон айланишини яхшилайди. Вена томирлари кенгайганда склерозлаш ва лазер коагуляцияси белгиланади. Бундай муолажалар веналарнинг муаммоли жойларини тузатади ёки умуман олиб ташлайди.

Простатит

Варикоз энг аввало аёллар касаллиги ҳисобланса, простатит (у билан бирга аденома ҳам) - фақат эркакларга хос бўлган муаммо. Таъкидлаш жоизки, простатит йил сайин "ёшармоқда". Бугунги кунда ҳатто 35 ёш ва ундан-да ёш  эркаклар ҳам простатадан шикоят қилиб шифокорга мурожаат қилишмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, бугунги кунда ҳатто 25 ёшли эркаклар ҳам шу касалликка йўлиқмоқда. Кучли жинс вакилларининг ёши қанча катта бўлса, у билан касалланиш хавфи шунча юқори бўлади.

Кўпинча простатит сурункали шаклга айланиб боради. Бунга дастлабки босқичларда уни аниқлаш қийинлиги сабабдир. Эътибор берилмаса, касаллик баъзан бепуштлик ва простата саратонигача сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун касалликнинг илк белгилари пайдо бўлиши биланоқ шифокорга мурожаат қилган маъқул.

Қандай даволаш мумкин? Простатитнинг энг асосий сабабларидан бири организмда қон айланишининг бузилиши (гиподинамия). Бироқ дарҳол фитнесга киришиб, ярим кунни шунга бағишлаш билан вазиятдан чиқиб бўлмайди. Бунда жисмоний фаоллик даволаш терапиясини қўллаб-қувватловчи, таъсирни кучайтирувчи чора сифатида ёрдам беради, терапиянинг ўзи эса шифокор томонидан белгиланиши шарт.

Қабзият

Камҳаракат ҳаёт тарзи ва қабзият ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор. Фаолликнинг йўқлиги организмнинг мушаклар тизимини заифлаштиради. Бунинг устига гиподинамия туфайли ортиқча вазн пайдо бўлади, қорин ва бел соҳасида висцерал ёғ ўсади. Буларнинг бари натижасида қабзият ва ичак билан боғлиқ муаммолар юзага келади.

Қандай даволаш мумкин? Вазиятдан чиқишнинг энг оддий усули - ҳаракат қилишни бошлаш. Шу билан бирга, кунига камида 2 литр газланмаган сув ичиш.

Юрак-қон томир касалликлари

Замонамиз кишисининг озиқ-овқат олиши учун кўп энергия керак бўлмайди. Супермаркетга етиб олса бўлди. У ерда эса егуликлар, ёғлар, ранг берувчи бўёқлар ва ҳ.к. Аввалги кўнгилочар ўйинлар ўрнини қўлда пульт билан телевизор олдида ётиш эгаллади. Буларнинг бари вақти келиб юрак-қон томир тизими гиподинамиясига олиб келса, ажабланишга ҳожат йўқ. Ундан кейин эса юрак хуружи, фалаж, диабет ва семизликкача ҳам оз қолади. 

Қандай даволаш мумкин? Юрак-қон томир тизими касалликларининг ҳар бир тури алоҳида ёндашув ва даволашни талаб қилади. Бироқ шифокор қандай кўрсатма беришидан қатъи назар, унга жисмоний фаолликни ҳам  қўшишга тўғри келади. Статистикага кўра, юрак хуружи натижасида ҳаётдан кўз юмганларнинг 6 фоизи, иккинчи турдаги қандли диабет умрига зомин бўлганларнинг 7 фоизи ва саратондан вафот этганларнинг 10 фоизи мунтазам равишда кардиофаолликка риоя қилган тақдирда омон қолиши мумкин бўлган. Кунига 10 минг қадам меъёр ҳисобланади.

Остеохондроз

Ҳозирги авлоднинг ўтроқ ҳаёт тарзи мушаклар кучи ва тонусининг бўшашишига олиб келади, вақти келиб суяк массаси камаяди, бўғинлар ва умуртқа поғонаси азият чекади. Буларнинг бари остеохондрознинг ривожланишига туртки беради. Вақти-вақти билан елкалар соҳасида оғриқлар пайдо бўлади, оёқларда ҳам оғриқлар сезилиши мумкин.

Қандай даволаш мумкин? Бошланғич босқичда - консерватив даволаш ёрдамида: жисмоний машқлар ва гимнастика. Оғир ҳолатларда жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Мавзуга оид