Ўзбекистон | 21:00 / 20.10.2017
17349
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Озарбойжон гиламлари музейи очилди (фоторепортаж)

Фото: KUN.UZ

Тошкентда жойлашган Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият марказида "Оловли мамлакат нақшлари" гиламлар музейи очилди. Kun.uz мухбири ушбу музейнинг очилиш маросимидан махсус фоторепортаж тайёрлади. 

Маданий тадбирни марказ директори Самир Аббосов кириш сўзи билан очиб берди. У бу йил Баку шаҳридаги дунёда ягона Гилам музейи ташкил қилинганига 50 йил бўлганини алоҳида қайд этди. Самир Аббосовнинг сўзларига кўра, ҳар йили 5 май куни Озарбойжонда Миллий гилам куни нишонланади.

«Озарбойжон – қадимий ва бой маданиятга эга мамлакатдир. Қадим замонлардан бу замин миллий санъатнинг турли намуналари билан машҳур бўлиб келган. Улар орасида Озарбойжон гиламдўзлиги дунё санъати тарихида ёрқин саҳифага айланган. 

Гиламлар – бу Озарбойжоннинг «ташриф қоғози»дир. Археологик тадқиқотлар шуни исботлайдики, бизнинг эрамизгача гилам маҳсулотлари мавжуд бўлган. Озарбойжон гиламдўзлиги ривожланиши ҳақида Геродот, Клавдий Элиан, Ксенофонт ва бошқа антик давр тарихчилари ёзиб қолдиришган. Бу ерга ташриф буюрган меҳмонлар Озарбойжон гиламларининг энг сара намуналарини томоша қилиш имконига эга бўлишади», деди Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази директори Самир Аббосов.

Йиғилганларга Озарбойжон гиламчилигига бағишланган видеофильм намойиш этилди. Унда Озарбойжон гиламчилик мактаби, Бакудаги Гилам музейи ҳақида маълумотлар берилди. Шундан сўнг "Сурхон" гуруҳи ва Озарбойжон маданият марказининг раққоса қизлари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди. 

Маданий тадбирнинг кейинги қисмида марказ қошидаги Гилам музейининг очилиши бўлиб ўтди. Унда Озарбойжон гиламчилиги намуналари намойиш этилди. Озарбойжонда гиламчилик мактаби бир неча йўналишларга эга бўлиб, улар муайян белгиларга кўра бир-биридан фарқ қилади. 

Таъкидлаш жоизки, Озарбойжонда музейларга эътибор ниҳоятда катта. Бу мамлакатга сайёҳларни жалб қилишда ҳам катта роль ўйнайди.

Мавзуга оид