Жаҳон | 09:14 / 22.10.2017
4135
2 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат котиби Саудия Арабистони ва Қатар етакчилари билан учрашади

Фото: AP / Jacquelyn Martin

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон 22 октябрда Саудия Арабистони ва Қатар ўртасидаги можаро давом этаётган бир пайтда бу давлатлар етакчилари билан учрашади. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти маълум қилди. 

Тиллерсон ташрифлари давомида Ар-Риёдда Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва мамлакат ташқи ишлар вазири Одил Ал-Жубайр билан учрашади. Шундан кейин Тиллерсон эҳтимол охирги ойлар ичида Ар-Риёддан Қатар пойтахти Доҳага тўғридан-тўғри рейс билан учадиган биринчи йўловчи бўлади. Давлат котиби Доҳада Қатар амири шайҳ Тамим Ол-Соний ва амирликнинг ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол-Соний билан учрашади.

Тиллерсон бу ташрифи билан Саудия Арабистони ва унинг иттифоқдошлари ҳамда Қатарни яраштириб қўймоқчи. Бироқ ташриф олдидан у можарони ҳал қилиш истиқболларига шубҳа билан қарашини, чунки бир қатор томонлар баҳсни ҳал қилишда ҳамкорлик килишни истамаётганларини айтган. Бундан ташқари, Тиллерсоннинг Қатар террорчиликка қарши ҳамкорлик қилаётгани ҳақидаги сўзлари Қатарни террорчиликни молиялаштиришда айблаб келаётган АҚШ президенти Дональд Трампнинг гапларига қарама-қарши бўлмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид