Фан-техника | 23:31 / 23.10.2017
3979
2 дақиқада ўқилади

"Лаборатория Касперского" дастурлари кодини ошкор қилишга ваъда берди

Фото: Владислав Шатило / РБК

Антивируслар яратишга ихтисослашган "Лаборатория Касперского" компанияси ахборот очиқлиги бўйича глобал ташаббусни йўлга қўйди. Унинг мақсади киберхавфсизлик соҳасидаги мутахассисларни компания маҳсулотлари, ички жараёнлари ва бизнес-операциялари бутунлиги ва ишончлилигини текширишга жалб қилишдан иборат.  

Бу ташаббус доирасида компания мустақил экспертларга ўз дастурларининг бошланғич кодини таҳлил учун тақдим қилмоқчи. Бу 2018 йил 1-чорагигача юз беради. Компания шу тариқа "биринчи навбатда фойдаланувчиларни кибертаҳдидлардан  ҳимоялашга қаратилган ўз фаолиятининг ойдинлигини тасдиқлашга" умид қилмоқда.

Бундан ташқари, компания экспертлар билан маълумотларни қайта ишлаш жараёнини назорат қилиш бўйича қўшимча механизмларни ишлаб чиқиш, киберхавфсизлик соҳасида исталган саволларни мижозлар, ҳамкорлар ва давлат идоралари билан ҳал қилиш мақсадида бутун дунё бўйлаб учта очиқ-ойдинлик марказини очмоқчи ва бошқа чоралар кўрмоқчи. Биринчи марказни 2018 йилда очиш режалаштирилмоқда. 2020 йилда бундай марказлар Осиё, Европа ва АҚШда пайдо бўлиши керак. 

Июнда АҚШ сенатининг қуролли кучлар бўйича қўмитаси мудофаа вазирлигига "Лаборатории Касперского" дастурий таъминотидан фойдаланишни қонунан тақиқлашни таклиф қилганди. Бунга сабаб сифатида компания ва Кремль ўртасида алоқа мавжудлиги рўкач қилинган. АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги 13 декабргача барча давлат идораларига ушбу компания дастурларидан фойдаланишдан воз кечишни ва улар ўрнига бошқа дастурлардан фойдаланишни мажбурий қилиб қўйди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид