Ўзбекистон | 14:10 / 24.10.2017
73177
4 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси ЙПХ бўйича қарор чиқарди 

Andijon.uz

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 23 октябрь куни “Йўл-патрул хизмати стационар постларини босқичма-босқич қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни чиқарди.

Ҳужжат билан 2018-2022 йилларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг йўл-патрул хизмати стационар постларини босқичма-босқич қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш тадбирлари дастури иловага мувофиқ тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг йўл-патрул хизмати стационар постларини (ЙПХ) босқичма-босқич қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш доирасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари - буюртмачилар этиб;

бош лойиҳалаштириш ва пудратчи ташкилотлар - белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов (тендер) савдолари натижалари бўйича белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

илгари модернизация қилинган ЙПХ постлари, шунингдек йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона марказлаштирилган ахборот тизимини ташкил этиш ҳисобга олинган ҳолда, ЙПХ стационар постлари қулай жойлаштирилишини;

лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини, шунингдек ЙПХ стационар постларининг тасдиқланган намунавий схемаларга қатъий мувофиқ равишда қурилиши ва реконструкция қилиниши юзасидан назоратни таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш доирасида:

лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва оптик алоқа линияларини ўтказиш учун зарур рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари ташкил этилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда трассаларни топографик суратга олиш ишларини ҳамда ташқи муҳандислик коммуникацияларини қуриш учун белгиланган тартибда ер участкалари берилишини ташкил этади.

“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буюртманомаларига биноан:

ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш доирасида оптик алоқа линиялари ўтказиш ишларини бажариш учун пудратчи ташкилотларни белгиланган тартибда аниқлайди;

маълумотлар узатиш хизматлари кўрсатсин ва замонавий телекоммуникация тармоқларини барпо этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлайди ва бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳар йили тасдиқланадиган маблағлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияларининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича 2018 йилдан бошлаб, ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш доирасида объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция ҳамда модернизация қилиш учун капитал маблағлар лимитларини назарда тутадилар.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бобожонов зиммасига юкланди.

Мавзуга оид