Жамият | 11:40 / 25.10.2017
8390
3 дақиқада ўқилади

Яқин йилларда энергияни сақлаш тизимларидан фойдаланиш оддий ҳолга айланади

Фото: Tesla

5 йилдан кейин энергияни сақлаш тизими бутун Америкада кенг қўлланади. Бундай прогнозни Duke Energy энергетик компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Спенсер Хэйнс тақдим қилди. Мутахассиснинг фикрича, аккумуляторлар нархи жадал равишда арзонлашади ва 2020 йилда энергияни сақлаш тизимлари ҳар ерда қўлланади ва ҳамёнбоп бўлади.  

АҚШда кетма-кет довуллар сабабли уйларда ишлатилувчи энергияни сақлаш тизимларига талаб ошди. Бироқ ҳозирча бундай лойиҳалар етказиб берувчиларга ҳам, уй эгаларига ҳам катта фойда келтирмайди. Тахмин қилинишича, уй аккумуляторлари камида 10 йилдан кейин ўзини оқлайди.   

Хэйнснинг фикрича, яқин 5 йил ичида уй аккумуляторларига талаб кескин ошади. 

Энергияни сақлаш тизимлари нархлари секин-аста тушмоқда. Хэйнснинг таъкидлашича, 2012 йилда бир кВт-соат электр энергияни сақлаш 800 доллар турган бўлса, 2016 йилда унинг нархи 281 долларгача тушган. Ҳар йили унинг нархи 9 фоизга тушади. Бу электромобиллар оммалашаётгани билан боғланган. Энергияни сақлаш тизимлари ва қуёш панелларидан иборат тўплам энг катта талабга эга бўлади. Tesla компанияси худди шунга урғу бермоқда: компания Powerwall аккумуляторлари ишлаб чиқармоқда ва қуёш модулларидан иборат том ёпмасига буюртмалар олмоқда.  

Кўпчилик бундай тизимларга зарурат сабабли ўтмоқда. Мисол учун, Япония ва Пуэрто-Риконинг довуллардан жабр кўрган ҳудудлари аҳолиси. Истеъмолчилар аксарият ҳолларда бу тизимларни йирик коммунал хизмат кўрсатувчи компаниялар хизматларидан воз кечиш ва оз бўлса-да мустақил бўлиш мақсадида харид қилмоқдалар. Австралияда эса бундай тизимлар одамларга пулларини тежашда ёрдам беради.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, ривожланаётган давлатларда яқин 8-9 йил ичида энергияни сақлаш қурилмаларининг қуввати 2 ГВт дан 80 ГВт гача ошади. Бу бозорда йирик ўйинчилар Хитой ва Ҳиндистон бўлади. АҚШ ҳам ортда қолмайди. Morgan Stanley банки ҳисоботига кўра, 2020 йилга келиб АҚШнинг энергияни сақлаш бозори ҳозирги 300 млн доллардан 4 млрд долларгача ошади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид