Ўзбекистон | 09:40 / 25.10.2017
25330
3 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ташриф буюрган Учтепа туманидаги мактаб капитал таъмирдан чиқарилди

Фото: Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабининг капитал таъмирлашдан кейинги очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Тадбирда Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Жорий йилнинг июнь ойида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида мазкур таълим муассасасига ташриф буюрган эди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати

Президент бу ерда амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари ва келгусида таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Ўтган қисқа вақт мобайнида ушбу мактаб капитал реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати

Капитал реконструкция қилинган мазкур мактабнинг тантанали очилиш маросимида ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва бошқалар навқирон авлоднинг замонавий таълим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши учун барча шароитни яратишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати

Бугунги кунда мактабда 1 минг 139 нафар ўқувчиларга 63 нафар олий маълумотли ўқитувчи таълим бериб келишмоқда.

Бутунлай янгича кўринишда реконструкция қилинган мактаб биносида ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароит яратилди. Мактаб кутубхонаси фонди зарур дарслик ва адабиётлар билан бойитилди. Синфхоналар замонавий тарзда жиҳозланди. Айниқса, кимё, биология, физика хоналарининг лаборатория жиҳозлари билан таъминланди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати

Шунингдек, мактаб спорт зали ва спорт майдончаси замон талаблари даражасида таъмирланиб, зарур спорт анжомлари ва инвентарлари билан тўлиқ жиҳозланди.

Ўқувчиларнинг сифатли ва тўғри овқатланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида замонавий ошхона фойдаланишга топширилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати
Фото: Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати

 

Мавзуга оид