Ўзбекистон | 11:55 / 26.10.2017
58414
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған Абдулла Орипов шеъридан парча ўқиб берди (видео)

25 октябрь куни Анқарада Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасидаги музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашув ташкиллаштирилди. 

Унда Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таъкидлашича, бу ташрифнинг Ўзбекистондан мамлакатга 20 йил танаффусдан сўнг амалга ошгани катта аҳамият касб этади.

“Бу жиҳатдан ушбу ташриф биз учун жуда аҳамиятлидир. Муҳтарам дўстим Мирзиёев билан аввал ўзаро, сўнг кенгайтирилган таркибда учрашувлар амалга оширдик. Улар жуда фойдали бўлиб ўтди. Учрашувда иқтисодиёт, мудофаа саноати, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ва жуда кўп соҳалардаги ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқдик. Ўзбекистон Ўрта Осиёда 31,5 млн. аҳолиси билан жуда бой ер ости ва ер усти бойликлари билан ҳар жиҳатдан стратегик мамлакат ҳисобланади. Дунёнинг энг йирик еттинчи табиий газ, тўртинчи уран, олтинчи пахта ишлаб чиқарувчи ва иккинчи йирик пахта экспортчиси вазиятидадир. Бунга қарамасдан иқтисодий, савдо алоқаларимиз орзу этилган савия, босқичда бўлмаганига гувоҳ бўламиз. Ўзаро тижорат ҳажми 2016 йилда 1,2 млрд. доллар атрофида. Бу йилнинг дастлабки саккиз ойида эса 9 млн. долларга кўтарилди. Қисқа муддатда ушбу рақамларни юқори савияларга кўтарамиз”, - деган Эрдўған.

Шунингдек, Туркия раҳбарининг қайд этишича, Истанбул шаҳрида ташкиллаштирилаётган бизнес-форум унумли бўлиб ўтишига ишончи комил. 

Бундан ташқари, Эрдўғаннинг сўзларига кўра, туризм соҳасида ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланган. 

“Жаноб президентнинг айтганларидек, биз Ўзбекистонда чанғи марказини ҳам қурмоқчимиз. Яна бир хушхабарни айтмоқчиман: “Туркия ҳаво йўллари” 16 мартдан Истанбулдан Самарқандга мунтазам рейсларни амалга оширади. Шундай қилиб, ҳар икки биродар жамият ўзаро алоқаларни яна ҳам юқори босқичга кўтаради”, - деди у.

Эрдўған Ўзбекистон Халқ шоири, марҳум Абдулла Ориповга тегишли мисраларни ҳам ўқиб берган ва Туркия Ўзбекистоннинг дўст, биродар сифатида ҳар жиҳатдан кучли бўлишини орзу қилиши ҳақида айтиб ўтди.    

Мавзуга оид