Космик кемаларнинг қабристони: у нима ва қаерда жойлашган?
Ер куррасида қуруқликдан энг узоқда жойлашган гўшанинг номлари кўп, лекин кўпинча уни Немо нуқтаси ёки Етиб бўлмас уммон қутби, деб аташади. Координаталарига кўра у 48 даража 52,6’ жанубий кенглик ва 123 даража 23,6’ ғарбий узунликда жойлашган. Унга энг яқин жойлашган қуруқлик оролигача масофа 2250 километрни ташкил этади. Hi-news’нинг ёзишича, ўзининг узоқлиги шарофати билан бу жой космик аппаратларни кўмиш учун идеал жой ҳисобланади, шу сабабли космик агентликлар кўпинча уни «космик кемалар қабристони» деб аташади.
«Бу жой Тинч океанида жойлашган ва сайёрамиздаги инсоният цивилизациясининг исталган нуқтасидан энг узоқ нуқта ҳисобланади», — дея Немо нуқтасига таъриф беради NASA аэрокосмик агентлиги.
Бироқ космик аппаратларни атмосферага қайтариш масалалари бўйича мутахассис ва аэрокосмик инженер Билл Айлорнинг бу масала бўйича бошқача таъриф беради:
«Бу ер бошқа жойларга зарар етказмасдан космосдан ниманидир қулатиш учун сайёрамиздаги энг зўр макон».
Навбатдаги космик аппаратни «кўмиш» учун керакли ҳисоб-китобларни амалга оширишда космик агентликларга бироз вақт зарур бўлади. Қоида тариқасида бироз ихчам сунъий йўлдошлар айнан Немо нуқтасида ўз ҳаётини якунламайди, деб тушунтиради NASA, чунки атмосферага ишқаланиш натижасида пайдо бўлувчи энергия соатига минглаб километр тезликда учиб келаётган сунъий йўлдошни қулашигача ёндириб йўқ қилиб юборади. Та-дам! Бу худди сеҳргарликка ўхшайди. Гўёки ҳеч қандай сунъий йўлдош бўлмагандек!»
2011 йилда коинотга учирилган ва оғирлиги 8,5 тоннадан юқори бўлган Хитойнинг илк «Тянгунг-1» орбитал космик станцияси сингарилари бошқа гап. Хитой 12 метрлик орбитал лаборатория устидан 2016 йилнинг мартида назоратни қўлдан чиқаради. Прогнозлар кишини хурсанд қилмасди. Станция Ерга 2018 йилнинг бошларида қулаши керак. Лекин айнан қаерга? Ҳозирча буни ҳеч ким билмайди. Aerospace Corporation нотижорат ташкилотида ишловчи ўша Айлорнинг айтишича, унинг ташкилоти станция атмосферада бўлакланишни бошланишига камида беш кун қолмагунча аниқ прогноз бера олмайди. Бу воқеа юз берганида эса, станциянинг титан қопламаси, ёқилғи баклари каби юзлаб килограмм тош босувчи металл қисмлари соатига 300 км тезликда Ер юзасига келиб урилгунга қадар қулай бошлайди.
Хитой Тянгунг-1 устидан назоратни йўқотгани боис, бу мамлакат ҳозирча космик аппаратнинг айнан Немо нуқтасига келиб қулаши борасида аниқ бир прогноз бера олмайди.
Космик кемалар чиқиндихонаси
Энг ҳайратланарли томони шундаки, Халқаро космик станция бортида яшаётган космонавтлар ўша Немо нуқтасига ҳаммадан ҳам яқин туришибди. Гап шундаки, ХКС Ер сирти устидан 400 км баландликда чарх уради, Немо нуқтасигача қуруқликдаги энг яқин масофа ҳам 5 марта узоқроқ.
Popular Science’га кўра 1971 йилдан 2016 йил ўрталарига қадар бутун дунёнинг космик агентликлари бу ерда камида 260та космик кемани қулатиб, чўктиришган. Gizmodo порталининг ёзишича, чиқитга чиқарилаётган космик аппаратлар сони 2015 йилдан бошлаб ўса бошлаган, чунки шу санага қадар уларнинг сони 161тани ташкил этганди.
Бу ерда 3 километр чуқурликда советларнинг «Мир» космик станцияси, Россиянинг 140дан ортиқ юк космик кемалари, EASA’нинг бир неча юк ракеталари, ҳаттоки SpaceX’нинг битта ракетаси сўнги манзилини топган. Тўғри, космик аппаратлар бу ерда тартиб билан бир уюмга уйилиб ётгани йўқ асло. Айлорнинг айтишича, Тянгунг-1 каби йирик станциялар қулаётганда бўлакларга бўлинади ва узунасига 1600 км, кўндалангига бир неча ўн километр юзага бирин-кетин қулайди. Немо нуқтасининг «иҳоталанган» ҳудуди 17 млн. кв. км майдонни эгаллайди, шунинг учун қулаган муайян аппаратни топиб олиш — сомонхонадан нина ахтаришдек гап.
EASA’нинг «Жюль Верн» юк космик кемаси атмосферага кираётиб, бўлакларга бўлинмоқда. 2008 йил 29 сентябрь.
Албатта, ҳамма космик аппаратлар ҳам комик техникаларнинг ушбу қабристонида ўз умрини ниҳояламайди, бироқ космик аппарат Ернинг қаерига қулашидан қатъи назар, инсонлардан бирининг бошига келиб тушиш эҳтимоли жуда паст, дейди Айлор.
«Албатта, эҳтимоли йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бироқ космик эра бошланганидан бери ёдга олинишга лойиқ воқеа 40 йил аввал рўй берган. Ўшанда Оклаҳомада бир аёлга ракетанинг куйишга улгурмаган қисми келиб теккан», — деб изоҳлайди Айлор.
Ўлик космик аппарат Ердан кўра орбитада кўпроқ хавф туғдиради. Чунки айни пайтда Ер устида турли баландликда 4 мингдан ортиқ сунъий йўлдошлар учиб юрибди. Яқин келажакда уларнинг сони кўпаяди. Илон Маск ва унинг SpaceX компанияси ўзларининг шахсий Интернет тармоғини барпо этмоқчи ва шу мақсадда 4425та янги сунъий йўлдош учирилади. Бошқача айтганда, орбитада ҳозир шундоқ ҳам турли космик аппаратлар тиқилиб ётибди, яқинда эса бурилишга ҳам жой қолмаса керак...