Жамият | 18:20 / 29.10.2017
7262
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг "Биринчи канал"ига давлат томонидан 3 миллиард рубль ажратилди

Фото: ТАСС

27 октябрь куни Россия давлат думаси "2017 йил ва 2018-2019 йилларга режалаштириш даври учун федерал бюджет тўғрисида"ги Федерал Қонунга ўзгартиришлар киритишга доир қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. РБКда аниқлик киритилишича, тузатишлар, хусусан, "Биринчи канал" ("Первый канал") АЖга 3 миллиард рубль қўшимча субсидияни кўзда тутади. Ҳужжатда кўрсатилишича, бу маблағлар "дастурий маҳсулотни ишлаб чиқариш ва харид қилиш, у билан телеэфирни тўлдириш ва телетомошабинларга етказиш чора-тадбирларини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш"га йўналтирилади. 

Қонун лойиҳасини шарҳловчи хатда субсидия шунингдек "Биринчи канал" АЖнинг жорий ва халқаро фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ олинмаган даромадлар"ни қоплашни ҳам кўзда тутади.  

Бюджетга тузатишлар киритилгандан сўнг Босма ва оммавий коммуникациялар бўйича Федерал агентлик ("Роспечать") "Биринчи канал"га субсидиялар тақдим этиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳақида маълум қилди. Жума куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар федерал порталида шунга доир хабарлар пайдо бўлди. Қоидалар лойиҳасида аниқлик киритилишича, давлат томонидан қўллаб-қувватланиш "Биринчи канал"га "Телевизион техник маркази" ФДУК билан эшиттиришларни ташкил қилишга доир хизматларни тақдим этганлик учун, "Россия телевизион ва радиоэшиттиришлар тармоғи" ФДУК билан 100 минг кишидан ортиқ аҳолига эга бўлган шаҳарларда сигнал тарқатганлик учун, "Космик алоқа" ФДУК билан тақдим этилган алоқа каналлари учун ҳисоблашишга ёрдам беради. Бундан ташқари, субсидиялар "Биринчи канал"га кино- ва телеконтент намойиши учун ҳуқуқ берувчи лицензия ва шартномаларни тўлаш имконини беради. 

Идора вакили РБКнинг шунга доир саволига жавоб бермаган.

Таъкидлаш жоизки, давлат "Биринчи канал" АЖнинг 51 фоизини назорат қилади, "Росимущество" — 38,9 фоиз, "ИТАР-ТАСС" ФДУК — 9,1 фоиз, «Телевизионный технический центр» ФДУК — 3 фоизига эгалик қилади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид