Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
SpaceX яқин вақт ичида интернет тарқатувчи илк сунъий йўлдошларини ишга туширади
SpaceX компанияси яқин ойлар давомида илк майда алоқа сунъий йўлдошларидан иборат "юлдузлар туркуми"ни ишга туширишни режалаштирмоқда. Ҳойнаҳой, бу 2018 йилнинг бошларига тўғри келса керак. Рақиблар ҳам бу борада бўш келишмаяпти. Лойиҳалар 2027 йилга бориб бутун Ер ҳудудини 100 фоиз интернет билан қоплашни таъминлайди. Space News шу ҳақидаги хабари билан бўлишди.
SpaceX'нинг режалари ҳақида компания вице-президенти Патриция Купер АҚШ Конгрессининг ер орбитасининг космик чиқинди билан ифлосланишига бағишланган йиғилишларда сўзлаб берди. Кичик сунъий йўлдошларнинг илк прототиплари яқин бир неча ойда ишга туширилади, асосий босқич эса 2019 йилда бошланади. SpaceX атиги 5 йил ичида Ка- ва Ku-диапазонли 4425 сунъий йўлдошни ишга туширмоқчи. "Тахминан 2020-2021 йилларда 800 сунъий йўлдошни ишга туширганимиздан сўнг космик хизматларни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз", - дейди Купер.
SpaceX ўз корхоналарида мустақил равишда кичик сунъий йўлдошларни қуришни режалаштирмоқда. Компанияда нисбатан пастроқ орбитада жойлаштирилувчи V-диапазонли 7500 сунъий йўлдошдан иборат яна бир "юлдузлар туркуми"ни ишга туширишнинг тахминий саналари айтилгани йўқ.
Купернинг сўзларига кўра, барча сунъий йўлдошлар бир-бири билан алоқа қила олиши учун оптик лазер қурилмалар билан жиҳозланган, АҚШнинг исталган нуқтасида бир вақтнинг ўзида 20дан ортиқ аппарат сигнал узатиб туради. Интернетга уланиш учун фойдаланувчиларга терминал ва антеннани ўз ичига олган махсус ускуна керак бўлади.
SpaceX'нинг кичик телекоммуникациялар сунъий йўлдошлар бозоридаги рақиби OneWeb раҳбари Грег Уайлер ҳам йиғилишда иштирок этган. Унинг корхонаси мазкур технологиялар бўйича SpaceX'дан кўп йиллар мобайнида шуғулланади ва 2019 йилга бориб 900 аппаратни ишга туширишга тайёр, шуниси эътиборга лойиқки, компания прототипларни эмас, ишловчи қурилмаларни йўлга қўяди.
"Илк "юлдузлар туркуми" 500 Мбит/сония интернет тезлигини таъминлайди, 2021 йилга мўлжалланган иккинчи туркум эса 2,5 Гбит/сония тезликни қайд этади, - дейди Уайлер. - Биз 2025 йилга бориб миллиард фойдаланувчини, 2027 йилга бориб эса бутун Ер аҳолисини интернет билан таъминламоқчимиз. Бунинг учун биз лойиҳага 30 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирамиз".
Бироқ конгрессменларни космик чиқинди муаммоси ташвишга солаётганди, минглаб сунъий йўлдошлар осмонга чиқарилгандан сўнг космик чиқинди юзага келмай илож йўқ.
NASA маълумотларига кўра, Ер орбитасида футбол тўпи ва ундан катта ҳажмдаги 20 мингдан ортиқ объект мавжуд. Яна 500 минг объект бир сантиметрдан зиёд диаметрга эга. Шунингдек миллионлаб майда заррачалар ҳам бор.
Мавзуга оид
09:43 / 28.05.2025
SpaceX'нинг Starship кемаси тўққизинчи синов парвози муваффақиятсиз тугади
22:35 / 25.05.2025
SpaceX компанияси Starship кемаси портлашига нима сабаб бўлганини эълон қилди
23:30 / 04.05.2025
Техас аҳолиси SpaceX шаҳрини ташкил этишни ёқлаб овоз берди
17:37 / 22.04.2025