Ўзбекистон | 14:00 / 01.11.2017
20191
4 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси давлат эҳтиёжлари учун шоли харид қилишга оид қарор чиқарди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 27 октябрь куни “Давлат эҳтиёжлари учун шоли харид қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни чиқарди.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси президентининг “2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида” 2017 йил 15 сентябрдаги ПҚ-3281-сон қарорини бажариш юзасидан, шоли етиштириш ҳамда харид қилишнинг ягона тизимини шакллантириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек ички истеъмол бозорини юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорда белгилаб қўйилишича, 2017 йил ҳосилидан бошлаб давлат эҳтиёжлари учун шоли етиштирувчи хўжаликлар ва “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясининг дон қабул қилиш ташкилотлари ўртасида тузиладиган контрактация шартномалари асосида иловага мувофиқ схема бўйича келишилган бозор нархларида харид қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда тупроқ-иқлим шароитлари, сув билан таъминлангани ва шоли етиштириш тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда, 2018 йил ҳосили учун шоли етиштирадиган туманлар ҳамда хўжаликларни 2018 йилнинг 1 февралгача белгилайдилар.

“Ўздонмаҳсулот” АК, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда шоли етиштирадиган хўжаликлар билан 2017 йил ҳосилидан товарбоп ва уруғлик шоли харид қилиш юзасидан 2017 йилнинг 5 ноябригача ушбу қарорнинг 1-бандига мувофиқ контрактация шартномалари тузилишини таъминлайдилар.

“Ўздонмаҳсулот” АК бир ой муддатда белгиланган тартибда:

Харидларни молиялаштириш ва шоли етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш учун юридик шахс мақомига эга бўлмаган мақсадли жамғармани ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Харидларни молиялаштириш ва шоли етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш учун мақсадли жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

“Ўздонмаҳсулот” АКнинг дон қабул қилиш ташкилотларига, истисно тариқасида, бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар билан Ўзбекистон Республикасининг ички бозоридаги ўртача нархлардан ошмайдиган нархларда шоли етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилди.

“Ўздонмаҳсулот” АК манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2018 йилнинг охиригача белгиланган тартибда замонавий технологик линиялар сотиб олинишини ва ўрнатилишини, шунингдек шолини қабул қилиш, ташиш, қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича фаолият кўрсатаётган цехлар модернизация қилинишини таъминлайди.

“Агробанк” АТБга “Ўздонмаҳсулот” АК дон қабул қилиш ташкилотларининг буюртманомаларига биноан шолини қабул қилиш, қайта ишлаш ва ташиш бўйича цехларни модернизация қилиш ҳамда замонавий технологик линиялар, шунингдек шоли харид қилиш учун кредитлар ажратиш ва ажратилган кредитларни кейинчалик маҳсулотни сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобига қоплаш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив- ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев зиммасига юкланди.

Мавзуга оид