Жаҳон | 10:20 / 02.11.2017
77508
2 дақиқада ўқилади

ФҚБ Соиповнинг шеригини қўлга олди

© AP Photo / Andres Kudacki

Федерал қидирув бюроси Нью-Йоркдаги терактдан кейин Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси Муҳаммадзоир Қодиров ҳақида маълумот йиғмоқда.

«Муҳаммадзоир Қодиров қўлга олинган, биз у ҳақдаги ҳар қандай маълумотни йиғамиз», дейилган ФҚБнинг Нью-Йорк бўлими хабарномасида.

Бундан аввалроқ ФҚБ директорининг ёрдамчиси Бил Свини ҳукумат «Қодировни қидирмаётгани», у «топилгани» ҳақида маълумот берганди. Аммо у батафсил маълумотлар келтирмаган.

ОАВнинг ёзишича, Қодиров Сайфулло Соиповнинг камдан-кам дўстларидан биридир.

Сешанба куни Нью-Йоркда, шаҳарнинг жанубий-ғарбий қисмида пикап автомобили велосипедлар йўлагига бостириб кирди ва ўз йўлидаги велосипедчиларни босиб ўта бошлади. Машина мактаб автобусига бориб урилган. Шундан сўнг, ҳайдовчи машина ичидан чиққан ва қоча бошлаган. Полициячилар уни отиб жароҳатлашган ва қўлга олишган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 8 нафарни ташкил этди, яна 12 киши жароҳатланди. Ҳукумат бу ҳодисани теракт деб баҳолади.

Теракт ижрочиси 2010 йилда «Грин-карта» орқали АҚШга борган Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соипов бўлиб чиқди.

Мавзуга оид