Ўзбекистон | 08:05 / 02.11.2017
10553
5 дақиқада ўқилади

Халқаро ҳарбий спорт кенгаши бош котиби Ўзбекистонга келди

1 ноябрь куни Халқаро ҳарбий спорт кенгаши бош котиби полковник Дорах Мамби Коита Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг таклифига кўра мамлакатимизга ташриф буюрди. Бу ҳақда KUN.UZ’га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

 “Ватанга қасамёд” монументи пойига гул қўйиш билан бошланган тадбир Қуролли Кучлар давлат музейи экспозиция заллари бўйлаб саёҳатга уланди. Шундан сўнг музейнинг анжуманлар залида полковник Дорах Мамби Коита ва Марказий ҳарбий спорт клуби ҳарбий спортчилари  ўртасида самимий мулоқот  бўлиб ўтди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Маълумки, Халқаро ҳарбий спорт кенгаши энг нуфузли спорт ташкилоти сифатида жаҳон миқёсида катта аҳамиятга эга бўлган бир қатор спорт тадбирларининг ташкилотчиси саналади. “Спорт орқали дўстлик” шиори остида фаолият юритувчи бу ташкилот турли давлатларнинг Қуролли Кучларини спорт ва жисмоний тарбия орқали яқинлаштириш, улар ўртасида доимий ҳамкорликни ўрнатиш ва шу орқали энг буюк неъмат бўлган тинчликни таъминлашдек улуғвор мақсадга хизмат қилади. Кенгаш фаолияти икки йўналишни ўз ичига қамраб олади: бу –   ҳарбий спорт тадбирларини ўтказиш ва спорт соҳасида техник ва илмий билимларни тарқатиш.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Халқаро ҳарбий спорт кенгаши ҳарбий спортни ривожлантириш, бу борада илмий ва техник ёндашишларни ўрганиш бўйича ўзининг академиясига эга. Шунингдек, ташкилотнинг асосий спорт турларини ривожлантириш, мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари билан шуғулланадиган доимий техник қўмиталари ҳам тузилган.    

Фото: Мудофаа вазирлиги

Мулоқот давомида сўз олган полковник Дорах Мамби Коита ҳам Халқаро спорт кенгаши томонидан ҳарбий спорт нуфузини юксалтириш, хориж мамлакатлари армиялари ўртасида ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, яқин ҳамкорликни таъминлаш борасида қилинаётган эзгу  ишларни алоҳида эътироф этиб ўтди ва ўзининг Ўзбекистонга ташрифини қуйидагича изоҳлади:

– Мен биламан Ўзбекистонда спортга эътибор жуда кучли. Шунинг учун ҳам ўзбекистонлик ҳарбий спортчиларга катта баҳо бераман. Бунга асосимиз ҳам бор. Чунки 1993 йилдан то 2008 йилгача бўлган вақт оралиғида ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар Халқаро ҳарбий спорт  кенгаши томонидан ўтказилган барча тадбирларнинг фаол иштирокчиси бўлган ва юқори ўринларни эгаллаган. Масалан, 2007 йил Ҳиндистоннинг Андра Прадеш штати, Ҳайдаробод шаҳрида бўлиб ўтган IV Бутунжаҳон ҳарбий спорт ўйинларида ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар 101 та давлат ҳарбий спортчилари ўртасида умумжамоа ҳисобида фахрли 7-ўринни эгаллаган. Албатта, бу  жуда юқори натижа. Лекин 2008 йилдан буён Ўзбекистон ва Халқаро ҳарбий спорт кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари айрим сабабларга кўра вақтинчалик тўхтаб қолган. Менинг бу мамлакатга ташрифимдан мақсад ана шу алоқаларни қайтадан ўрнатиш, ўзбекистонлик ҳарбий спортчиларнинг халқаро миқёсда бўлиб ўтадиган ҳарбий спорт  ўйинларидаги нуфузини тиклашдир. Бу  ҳамкорлик икки томон учун ҳам самарали бўлиши, шубҳасиз. Кейинги йил кенгашимиз халқаро миқёсида 21та ҳарбий спорт мусобақасини ўтказишни режалаштирмоқда. Мана шу мусобақаларда ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар ҳам қатнашишига ишонч билдирамиз. 

Фото: Мудофаа вазирлиги

 –  Дарҳақиқат, ўзбекистонлик ҳарбий спортчилар 2008 йилгача Халқаро ҳарбий спорт кенгаши томонидан ўтказилган мусобақаларда фаол иштирок этиб, 20 та олтин, 30 та кумуш ва 45 та бронза медалини қўлга киритган, – дейди Мудофаа вазирлиги Қўшинлар жанговар тайёргарлиги бошқармаси бўлим бошлиғи полковник Дилшод Чориев. – Ўша вақтда мусобақаларда иштирок этган Марказий ҳарбий спорт клуби вакиллари бугун клубда ёш спортчиларга тренерлик қиляпти. Бугунги учрашувдан англаш мумкинки, фахрий спортчиларимиздан сабоқ олаётган  ёшлар энди халқаро миқёсида бўлиб ўтадиган ҳарбий спорт ўйинларида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилади.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Шу куни Халқаро ҳарбий спорт кенгаши бош котиби полковник Дорах Мамби Коита  пойтахтимиздаги Олимпия шон-шараф музейи, Осиё дзюдони ривожлантириш марказига ҳам ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди, “Бунёдкор” стадионида спортни ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги