Жаҳон | 09:07 / 06.11.2017
16300
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон сиёсатчиларининг офшор фаолияти ҳақида маълумотлар эълон қилинди

Фото: EPA/WILL OLIVER

Жорж Сороснинг фондларидан бири томонидан қисман молиялаштириладиган Халқаро журналистик суриштирувлар консорциуми (ICIJ) қатор халқаро оммавий ахборот воситалари билан биргаликда дунёдаги офшор компаниялар фаолияти тўғрисида якшанба куни материаллар эълон қилди. Уларда 120 нафар сиёсатчи, жумладан Канада бош вазири, Дональд Трамп маъмурияти аъзолари, Елизавета II хонадони, шунингдек, Apple ва Uber компаниялари ҳам тилга олинган.

Paradise Papers номини олган материалларни танлашда тахминан 13,4 млн. ҳужжат қамраб олинди. Улар орасида Бермуд оролларида рўйхатдан ўтган ҳамда 50 йилдан ошиқроқ даврни ўзида акс эттирувчи ҳужжатларга эга Appleby юридик компанияси ҳам бор.

Консорциум маълумотларига кўра, ҳужжатлар бир қатор сиёсатчилар ва жаҳон етакчилари, жумладан, Британия қироллик хонадони, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти аъзолари, Канада бош вазири Жастин Трюдога яқин бўлган шахслар, шунингдек, Apple, Nike ҳамда Uber каби йирик компанияларнинг офшор манфаатларини очиб берган.

Халқаро журналистик суриштирувлар консорциуми’га кирувчи Германиянинг Süddeutsche Zeitung газетаси якшанба куни ўз сайтида Paradise Papers ҳужжатларидан баъзи кўчирмаларни эълон қилди.

Нашрнинг ёзишича, унда ҳажми 1,4 ТБ бўлган 13,4 млн. ҳужжат бор. Маълумотлар манбаси - Appleby ҳамда Asiaciti Trust номи остида офшор хизматларини тақдим этувчи компаниялар. Маълумот сизиб чиқишига айнан ким масъул экани, шунингдек, улар консорциумга қачон тақдим этилгани номаълум.

Ҳужжатларда Германиянинг бир қатор йирик корхоналари ҳам тилга олинган. Хусусан, улар орасида Sixt машиналарни ижарага бериш сервиси, die Deutsche Post почта концерни, Siemens электротехника гиганти, Bayer фармацевтика компанияси, Deutsche Bank банк бирлашмаси бор. Мақолада улар офшорларга қай даражада алоқадор экани кўрсатилмаган.

Süddeutsche Zeitung’нинг ёзишича, ҳужжатларда тахминан минг нафар немис фуқароларининг исми ҳам бор. Улар орасида миллиардерлар Курт Энгельҳорн (2013 йилда вафот этган), Пауль Ҳаузельман, шунингдек, мамлакат собиқ канцлери Герҳард Шрёдер борлиги айтилади.

"Би-би-си" корпорациясининг якшанба куни тарқатган хабарига кўра эса, Буюк Британия қироличаси Елизавета II офшорларга қарийб 10 млн. фунт стерлинг сармоя киритган. 

Таъкидланишича, инвестиция қилинган пул маблағлари Британия қироличасига тегишли. Улар 2004 ва 2005 йиллар оралиғидаги даврда Кайман ҳамда Бермуд оролларида рўйхатдан ўтган жамғармаларга йўналтирилган. Гап Елизавета II'нинг ўзига тегишли бўлган Ланкастер ҳерцоглиги (The Duchy of Lancaster) туфайли ишлаб топган пуллари ҳақида кетмоқда. У ерда қиймати ярим миллиард фунтдан ошиқроқ бўлган кўчмас мулклар бор. "Би-би-си"нинг таъкидлашича, бу амалиётларда "ноқонуний ҳеч нарса йўқ, бироқ қиролича офшорларга инвестиция киритишига доир масала кўтарилиши мумкин".

"Бизнинг инвестицион стратегия сармоявий маслаҳатчилар тавсияларига асосланган. Ҳерцоглик маблағларни фақатгина жуда нуфузли инвестиция жамғармаларига йўналтирди, ҳамда бунда бизнинг инвестицион маслаҳатчиларимиз тавсияларидан фойдаланди", - дея The Duchy of Lancaster молиявий хизмати директори Крис Эдкокнинг сўзларини келтиради корпорация.

Эслатиб ўтамиз, Вашингтонда жойлашган ICIJ аввал ҳам “Панама ҳужжатлари” деб номланган махсус маълумотларни эълон қилганди. Уларда қатор амалдаги ва собиқ жаҳон сиёсатчиларининг офшор ҳисоб рақамлари ҳақида сўз юритилади. Кейинчалик WikiLeaks портали “Панама ҳужжатлари”нинг эълон қилиниши АҚШ халқаро ривожланиш бўйича Агентлиги ва Жорж Сорос томонидан молиялаштирилганини хабар берди. Унинг мақсади сифатида эса Россия ва собиқ Советлар Иттифоқи тилга олинади.

Мавзуга оид