Жаҳон | 23:32 / 10.11.2017
9573
2 дақиқада ўқилади

Одри Азуле ЮНЕСКО бош директори этиб тайинланди

Фото: Sputnik/ Ирина Калашникова

Парижда 39-сессияси бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО бош конференцияси 10 ноябрь куни ташкилот бош директорлиги лавозимига Франциянинг собиқ маданият вазири Одри Азуле номзодини тасдиқлади. РИА "Новости" шу ҳақида хабар берди.

Конференцияда 131 мамлакат Азулени қўллаб-қувватлади, 19 мамлакат эса қарши овоз берди.

Овоз бериш жараёнида 184 мамлакат вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишди. 

Октябрь ойи бошида ЮНЕСКО ижро кенгашининг овоз бериш якунларига кўра, Одри Азуле ташкилотнинг янги бош директори этиб сайланган эди. Сўнгги турда унинг рақиби қатарлик дипломат Ҳамад бин Абдулазиз Ал-Каварий бўлди.

Таъкидлаш жоизки, бош директорлик ваколатларини тарк этаётган Болгария вакили Ирина Бокова бу лавозимни 2009 йилдан буён эгаллаб келган.

Одри Азуленинг сўзларига кўра, ЮНЕСКО бугунги кунда стратегик бўлмаса-да, молиявий ва сиёсий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. У ташкилот дунё ва унга аъзо мамлакатлар ишончини қайта тиклаши зарурлигини таъкидлаган.

АҚШнинг ЮНЕСКОдан чиқиш қарорига муносабат билдирар экан, ташкилот "эшиклари доим очиқ бўлиши, у (АҚШнинг) фуқаролик жамиятлари" билан ишлашда давом этишини қайд этди.

"Ўйлашимча, бир-биримизни хабардор қилиб яшашда давом этишдан ҳам ЮНЕСКО, ҳам бу мамлакатлар манфаатдор. Тарихнинг гувоҳлик беришича, бундай турдаги ташкилотлардан чиқиш, халқаро музокаралар доирасидан чиқиш ҳалокатга олиб келиши мумкин", - деди Азуле.

Унинг сўзларига кўра, ЮНЕСКОнинг умумий вазифаси — ташкилотга аъзо барча мамлакатлар билан мулоқот олиб бориш.

"Биз ЮНЕСКОдан барча муаммоларни ҳал қилишни сўрай олмаймиз, лекин ҳар бир давлатдан ЮНЕСКОга олиб келаётган муаммолар ечимига масъулият билан ёндашишни ва ЮНЕСКОнинг ўз мандати доирасида ишлашини, қандай инқирозлар бўлмасин, мулоқот учун майдон яратишни сўрай оламиз", - дея таъкидлади у.

Мавзуга оид