Жамият | 19:10 / 13.11.2017
49921
14 дақиқада ўқилади

Бир кредит тарихи: қарор бор, гаров бор — ижро йўқ

Халқимизда «шериклик ошни ит ичмас» деган мақол бор. Қуйида сизга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлаётган воқеамизда ана шу мақолга ҳаётий мисолни кўриб, ота-боболаримиз бежизга бу гапни айтиб кетишмаганига гувоҳ бўласиз. Ушбу воқеани кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишдан мақсадимиз ҳам «ҳисобли дўст айрилмас», деганларидек, олди-берди муносабатларда кейинчалик тушунмовчилик келиб чиқмаслиги учун қандай йўл тутмаслик кераклигини муштарийларимизга билдириб қўйиш. Зеро, ҳар қандай одамнинг оласи ичида.

Таҳририятга шикоят келиб тушди

2017 йилнинг 15 сентябрь куни самарқандлик тадбиркор, Пайариқ тумани Челак шаҳарчасида фаолият кўрсатадиган «Тангем Аббос» хусусий корхонаси раҳбари Ачилов Набининг шахсан ўзи шикоят хати ва унга тегишли ҳужжатларни KUN.UZ махсус мухбирлари Ш.Шокиржонов ва Т.Раҳматовга топшириб, вазиятни тушунтириб берди.

Айни пайтда Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг маълум бир моддаси сифатида айбланувчи, деб топилиб, эҳтиёт шарт сифатида қамоққа олиниши мумкинлигидан қочиб юрган Н.Ачилов бошига тушган кўргуликлар ҳақида ўшанда шундай ҳикоя қилиб берган эди:

— Мен умумий овқатланиш корхонаси ва савдо дўконига эга бўлган «Тангем Аббос» корхонасини 2007 йили январь ойида очиб, ўшандан бери юритиб келаётган эдим. Ошхонамиз Челак шаҳарчасида тилларга тушди. Мижозларимиз кундан кунга кўпаяётган эди. Турли соҳада ишловчилар келиб, ошхонамизда тамадди қилиб кетишарди.

Ана шундай кунлардан бирида «Халқ банки»нинг Пайариқ туман бўлими ходимлари ўзаро суҳбат асносида менга ишлаб чиқариш учун кредит ажратишда ёрдам қилишлари мумкинлигини айтишди. Мен бунча кредитга гаров мулким йўқлигини айтиб, рад жавобини бердим.

(Қайд этиб ўтиш керакки, ўша даврда Пайариқ туман «Халқ банки» бўлими раҳбарлари ва ходимлари фуқароларнинг омонат пулларини ўзлаштириб юбориб, «довруғ» қозонган, жиноят ишлари очилган — бу энди мутлақо бошқа мавзу)

Мен билан ака-укачилик қилиб, олди-берди қилиб юрган инсон — Мамасаид Игамов ҳам ушбу суҳбатда бор эди. «Кредитни олиш керак, менда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган дастгоҳлар бор, ўшани кредит маблағлари ҳисобига харид қилиб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариб, Челак шаҳарчасини таъминласа бўлади», деди. Бу пайт 2013 йилнинг октябрь-ноябрь ойлари эди.

«Менда бунинг учун цех ҳам, кредит гарови учун мулк ҳам йўқ-ку, — дедим. — Боз устига, савдо дўконим фаолиятини йўлга қўйиш учун «Савдогарбанк»дан бироз кредит олганман, ҳисоб рақамим ҳам ўша банкда».

«Савдогарбанк»дан олинган кредитни муддатидан аввал ёпиб, ҳисоб рақамини «Халқ банки»нинг Пайариқ туман бўлимига ўтказасан. Цех учун жойни ўзим бераман. Мен ўзим миниб юрган «Спарк» автомобили ва Самарқанд шаҳрида жойлашган, фирмам номидаги 3 хонали квартирани ҳам гаров сифатида тикаман. Цехни ишга тушириб, кредитни секин-аста ёпиб берасан. Сен ҳеч нарса йўқотмайсан, чунки гаров учун мен ўз мулкимни тикаяпман, бу сенга кафолат бўлади», — деди М.Игамов.

Хуллас, «Савдогарбанк»даги кредитимни зудлик билан сўндириб, ҳисоб рақамимни «Халқ банки»га ўтказдим ва 2014 йил апрель ойида 3 йилга 200 млн. сўмлик кредит расмийлаштирдим. Унинг 170 миллион сўми М.Иргашевнинг «Сам Универсал текс» масъулияти чекланган жамиятига дастгоҳ сотиб олиш учун 3 йилга, 30 миллиони хомашё харид қилиш учун 1 йилга ажратилди.

Биз М.Игамовга тегишли цехда дастгоҳларни ишга тушириб, ишни бошладик. Банк бу орада 171,5 миллион кредит ҳисобидан «Сам Универсал Текс» МЧЖга 95 миллион дастлабки траншни ўтказди. Пул тушиши ҳамоно М.Игамовнинг менга муносабати ўзгарди. Дастгоҳлар ҳам ўз-ўзидан ишдан чиқа бошлади. Ишни тўхтатдик. Бизни цехдан ҳайдаб чиқаришди... 75 миллион кредит ҳали банкда эди. Унга фоиз ва асосий қарзни график бўйича тўлаб турувдим. Агар бу пулларни М.Игамовнинг фирмасига ҳам ўтказиб берсам, жуда янада каттароқ суммага тушишим мумкинлигини англаб етдим. Ишлар бундай тус олгач, кредит маблағи бекорга банд бўлмасин деб, савдо дўконимга маҳсулот олиш учун ўтказиб юбордим.

Менга 2017 йил 7 март куни тузилган 7/03-сонли шартномага кўра «Сам Универсал Текс» МЧЖ ўтказилган 95 миллион маблағ ҳисобидан дастгоҳ ҳам бермади, бирор ҳужжат ҳам тақдим этмади, пулларимни ҳам қайтариб бермади. Мен кредитнинг ўзимга тегишли қисмини сўндирдим. Корхонам шу кредитнинг орқасидан касодга учради. Гулдек ишлаб турган ошхонам ҳам, дўконим ҳам ёпилиб кетди. Бир неча оила шу корхонларим орқасидан рўзғор тебратиб туришган эди.

Ҳозир Мамасаид Игамов ўша 95 миллионни (пенялари билан) қайтариб берса, давлат банки олдидаги қарзимиз узилади. Мен банкка кредит маблағларининг бу қисмини қайтаришга қурбим етмаслигини, кредитни ундириш учун гаровдаги мулкларга қаратишни сўраб хат ёздим. Банк фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судида даъвогар сифатида ариза берган, суд 2015 йилдаёқ кредитни ундириш учун М.Игамовга тегишли «Спарк» автомашинаси ва нотурар-жой биносини хатловга олиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган. 2017 йил май ойида бу борада яна қарор чиқди.

Бироқ гаровдаги мулк ундирилиши мумкин бўлгани ҳолда, вилоят прокуратураси мени 200 миллион кредит маблағини мақсадсиз ишлатганликда айблаб, тергов қилмоқда. Лекин мен ўзим ишлатган пулни қайтардим. (Н.Ачиловнинг адвокати И.Ҳамидовнинг айтишича, ушбу суммадаги пул прокуратуранинг депозитида турибди). Икки йилдан буён банк ва аввал суд ижрочилари департаменти, эндиликда туман мажбурий ижро бюроси 2015 йилда чиқарилган суднинг ҳал қилув қарорига нописанд муносабатда бўлиб, гаров мулкини аукцион орқали соттириб, менга тегишли кредитни ёптиришни пайсалга солмоқда (15 сентябрдаги маълумот эканлигини ёдда тутинг).

М.Игамов билан ушбу кредит машмашаларидан бошқа турли олди-бердиларимиз ҳам бор эди. Ўшаларни рўкач қилиб, овозимни телефонга ёзиб олиб, устимдан прокуратурага ариза ташлаган.

Энди воқеа юзасидан Мамасаид Игамовнинг сўзларига қулоқ тутинг:

— Дарҳақиқат, Н.Ачилов билан аввалдан танишмиз, бир-биримиз билан турли масалаларда олди-берди қилиб, ҳамкорлик қилиб келганмиз. Хитойдан турли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган дастгоҳлар олиб келганимни эшитиб, Н.Ачилов улардан айримларини кредит эвазига харид қилишини айтиб, бу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Мен рози бўлдим. Ишлатиш учун жойим йўқ, деб ёрдам сўраган эди, цех учун унга жой бердим. На ижара пули, на электр энергияси ва газ учун тўлов қилди. Барча шароитни муҳайё қилиб бердим. Дастгоҳнинг пулини сўрайверганимдан сўнг кредит олиш учун гаровга мол-мулким йўқ деган эди, Самарқанд шаҳридаги турар жойимнинг ҳужжатларини бердим. Турар жойни гаровга қўйиб бўлмайди, шунинг учун уйни нотурар жой сифатида ҳужжат тайёрлаб, уни гаровга қўйибди. Баҳолатишда уйнинг суммаси етмаган экан, қўшимчасига мен ўзим ҳайдаб юрган «Спарк» автомашинамни ҳам гаровга тикдик.

Н.Ачилов цехнинг очилиш маросимини ўтказиб, нуроний ва маҳалла аҳлини таклиф этиб, ишга туширди. Цехни 4 ой ишлатиб, тузилган 171,5 миллион сўмлик шартнома асосида 95 миллион ҳисоб рақамимга икки бўлиб (30+65 млн.) кўчириб беришди. Қолган сумма қачон кўчади, десам, «банк менга 200 миллион эмас, 130 миллион кредит берди», деб мени 6 ой давомида алдади. Суриштириб билсам, 200 миллион сўм кредит ажратилган ва 75 миллион сўм маблағ менга кўчириб берилмасдан, мақсадсиз фойдаланилган.

Мен ўзимга кўчирилган кредит суммасини ёпиш учун бошқа фирмаларимдан «Тангем Аббос» хусусий корхонасига моддий ёрдам сифатида, шунингдек, ўша пайт ҳисоб рақам ёпиқ бўлганлиги сабабли Н.Ачилов номига очилган омонат ҳисоб рақамига нақд пул қўйдим. (Яъни, кредит маблағи бўйича қарздор «Сам Универсал Текс» МЧЖдан банк ҳисоб рақами орқали «Тенгем Аббос» ХКга бир тийин ҳам ўтказиб берилмаган). Н.Ачиловга берган жами пулларим миқдори 105 миллиондан ошиқ эди. Мақсад — кредитдан тезроқ қутилиб, менинг гаровдаги мулкларимни озод қилиш эди.

Менинг гаровда мулким тургани сабабли, 2017 йилнинг январь ойида ушбу кредитни ёпиш борасидаги олди-бердиларимиз ҳақидаги ўзаро суҳбатимизни ёзиб олганимни далил қилиб, прокуратурага мурожаат қилдим.

Суд мажлиси

2017 йил 25 август куни Самарқанд шаҳар иқтисодиёт судига даъвогар «Тенгем Аббос» хусусий корхонаси ишончли вакил, адвокат И.Ҳамидов сиймосида жавобгар «Сам Универсал Текс» МЧЖдан 95 миллион кредит маблағи ҳисобланган банк фоизлари ва пенялари билан қайтаришни талаб қилиб берган аризаси кўриб чиқилиб, мавжуд ҳужжатлар ўрганилган ҳолда, қаноатлантирилган.

26 октябрь куни «Сам Универсал Текс» МЧЖ Самарқанд шаҳар иқтисодиёт судига кассация тарзида мурожаат қилиб, биринчи инстанция суд мажлисидан бехабар қолгани, суд унинг иштирокисиз ўтганини рўкач қилиб, суд материали билан танишиш ва керакли ҳужжатларни тақдим қилишини сўраб, суд мажлиси кейинчалик муддатга белгилашни илтимос қилди.

Жавобгарнинг илтимоси қондирилди. Бироқ, 2 ноябрь куни берилган кейинги мажлисда ҳам А.Игамов айнан ушбу кредит маблағини қайтарганлиги юзасидан бирор-бир жўяли ҳужжатлар тақдим эта олмади.

Суд 25 август кунги ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирди. Унга кўра «Сам Универсал Текс» МЧЖ «Тангем Аббос» хусусий корхонасига ўтказиб берилган 95 миллион маблағ, шунингдек, банк фоизи ва пеняларни қайтарадиган бўлди.
 

Гаровдаги мол-мулклар-чи?

Айни пайтдаги вазиятнинг лўнда ифодаси мана шулар. Мухтасар қилиб якунлайдиган бўлсак, кимни ким алдаётгани, аслида ким куйиб қолаётгани маълум эмас.

Мамасаид Игамовдан сўраймиз:

«Нега ўз мулкингизни сотиш учун бошқа бировнинг корхонаси олган кредитга бошқа бир мулкларингизни гаров сифатида беришга рози бўлдингиз?»

«Ака-ука эдик, аввалдан олди-берди қилиб юрардик. Аввал ҳам бир неча марта пул берганман, ишончимдан чиққан. Ишондим-да», дейди у.

Наби Ачиловга савол берамиз:

«Ўз мулкини гаровга қўйиб, сизга кредит олдириб, у пулни қайтармасликдан Мамасаид аканинг муроди не бўлган?»

«Мақсад — мени қаматиш таҳдиди билан қўрқитиб, 170 миллион пулни еб юбориш ва таниш-билишларини ўртага солиб, мол-мулкимни, керак бўлса уй-жойимни соттириб, банк кредитини тўлаттириш бўлган», — дейди Н.Ачилов.

Шуниси эътиборлики, 2015 йилдаёқ Н.Ачилов ортиқ кредит тўлай олмаслиги, корхонаси банкрот бўлганлиги сабабли, кредит ундирувини гаровдаги мол-мулкка қаратиш ҳақида банкка ариза берган. Банк судга берган. 2015 йил 26 ноябрда ФИБ Иштихон туман суди бу ҳақда ҳал қилув қарори чиқарган ва суд қарори 2015 йил 17 декабрда қонуний кучга кирган. 2017 йил 5 май санасида яна бир карра бу ҳақда қарор чиқарган.

«Халқ банки» Пайариқ туман филиали бошқарувчиси ўринбосари Эркин Абдурашидов билан KUN.UZ махсус мухбирлари — Х.Далиев, Т.Раҳматов ва Ш.Шокиржонов гаплашганимизда, айни пайтда бўлимда ундирилмай осилиб ётган энг можароли кредит мана шу бўлиб тургани, шу кредит ундирилса бўлим фойдага чиқиши, ходимлар узоқ ташвишлардан сўнг мукофот пули олишлари ҳақида гапириб ўтди.

Банк суд қарори асосида гаровдаги молларни онлайн аукционга қўйиб, пулни ундиришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб Мажбурий ижро бюроси Пайариқ туман бўлими ва Самарқанд вилоят бошқармасига ҳам хат йўллаган. Олган маълумотларимизга кўра, Мажбурий ижро бюроси ҳозирча фақат «Спарк» автомашинасини жарима майдончасига қўйган.

Вазият шундайки, агар Самарқанд шаҳар иқтисодиёт судининг қарорига кўра М.Игамовга тегишли «Сам Универсал Текс» МЧЖдан 95 миллион ундириладиган бўлса ва кредит ёпилсагина яна М.Игамовга тегишли турар-жой ва «Спарк» автомашинаси тақиқдан чиқади. Йўқса М.Игамов квартираси ва машинаси билан хайрлашишга мажбур. Қонунларимиз шуни тақозо этади. Яна бир — Н.Ачиловга реал таҳдид солиб турган вариантда у давлат маблағларини талон-тарож этгани учун жиноий жавобгарликка тортилади.

«Бировга қарз берганда ёзиб қўй», дейишади. Уни сўраш ҳам адабдан. Бировнинг ҳақини еб кетиш эса катта гуноҳ. Чунки бировнинг ҳақи, албатта, тешиб чиқади. Биз ушбу вазиятни батафсил ёритар эканмиз, айнан мана шу одам ёлғончи, дея олмаймиз. Ҳар томоннинг ўз ҳақиқати бор. Томонлар муроса йўлини танлаб, кредитни сўндиришлари ўзларини эса ташвишдан халос этишлари керак, тамом.

 

Шуҳрат Шокиржонов

Kun.uz махсус мухбири

Мавзуга оид