Иқтисодиёт | 00:34 / 15.11.2017
22907
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги барча бойликларнинг ярмига 1 фоизгина одамлар эгалик қилмоқда

Фото: Reuters

2016 йилнинг ўртасидан 2017 йил ўртасигача дунё аҳолисининг жами бойлиги 6,4 фоизга ошиб, 280 трлн долларга етди. Бундан Швейцариянинг Credit Suisse банкининг Global Wealth Report анъанавий ҳисоботидаги маълумотлар дарак бермоқда. Ўсиш суръатлари охирги 5 йил ичида максимал даражада бўлган ва кўчмас мулк ва акциялар нархининг ошиши билан боғланган.

Бойлик миқдори аҳоли сонидан тезроқ ўсгани сабабли жами бойликларнинг дунё аҳолиси сонига нисбати бир кишига 56,64 минг доллар ҳисобида бўлди. Бир йил аввал бу қиймат 52,074 минг доллар бўлган.

Шу билан бирга дунёдаги барча бойликларнинг ярми 1 фоиз энг бадавлат одамларгагина тегишли экани маълум бўлди. Уларнинг умумий бойликдаги улуши 2008 йилги инқироз вақтидаги 42,5 фоиздан амалдаги 50,1 фоизгача ошган.

Охирги йил давомида 2,3 млн нафар доллар миллионерлари пайдо бўлган. Уларнинг умумий сони 36 млн га етган. Бу қиймат 2000 йилдагидан уч баробар кўпроқни ташкил қилмоқда.

Дунёнинг 3,5 млрд энг ночор кишисининг бойлиги киши бошига 10 минг доллардан камроқни ташкил қилади. Умумий ҳолда бу тоифага меҳнатга лаёқатли аҳолининг 70 фоизи ва умумий бойликнинг 2,7 фоизи тўғри келади.

Дунё аҳлининг бойлиги яқин 5 йилда тахминан шу суръатларда ўсишни давом эттириб, 2022 йилда 341 трлн долларгача кўпаяди, деб прогноз қилмоқдалар Credit Suisse иқтисодчилари. Шу билан бирга улар доллар миллионерлари сони 44 млн кишигача етиши, яъни амалдагидан 20 фоизга кўпайишини, энг ночор аҳоли сони 4 фоизга камайишини кутмоқдалар. 

Мавзуга оид