Вазирлар Маҳкамаси Тошкент юридик коллежи бўйича қарор чиқарди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тошкент юридик коллежида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмунини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистон Республикасида ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш, меҳнат бозорининг замонавий талабларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш, жисмонан соғлом, маънавий ва интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган, мустаҳкам ҳаётий қарашларга эга ва Ватанга садоқатли ёшларни тарбиялаш, шунингдек демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Шу билан бирга, таълим соҳасига оид ислоҳотларда айрим ўрта махсус, касб- ҳунар таълими муассасаларининг таълим жараёни тўлиқ қамраб олинмагани қайд этилади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тошкент юридик коллежи (кейинги ўринларда коллеж) фаолиятини мониторинг қилиш натижасида қонун ҳужжатларининг доимий равишда бузилишига йўл қўйилгани ва бунинг оқибатида коллеждаги муҳит ва ўқув-тарбия жараёни издан чиққани, жумладан:
кадрларни танлаш ва улар билан ишлаш амалиёти нотўғри ташкил этилгани, хусусан, ошна-оғайнигарчилик, уруғ-аймоқчилик ва мансабни суиистеъмол қилишга йўл қўйилгани, шунингдек, педагоглар қўнимсизлигининг юқорилиги ва уларнинг касб даражаси кескин пасайиб кетгани;
ижро интизомининг пасайгани, юқори идораларнинг топшириқлари ва кўрсатмаларини очиқчасига рад этиш, иш юритишга масъулиятсизлик билан ёндашиш;
ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича белгиланган тартибнинг қўпол бузилиши, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашишини назорат қилишдаги лоқайдлик, дарсларда узилишлар бўлишига ўқитувчиларнинг ўзлари сабаб бўлаётгани;
турли “фойдали” тадбирлар ўтказиш баҳонасида ноҳақ йиғимлар йиғилиши, раҳбарият, педагоглар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида ўзаро муносабатлар ёмонлашгани, ўқувчиларнинг билим даражаси асоссиз равишда ошириб баҳолангани, битирувчиларга дипломни расмийлаштириш ва топширишда белгиланган нормаларнинг бузилиши ҳолатлари;
хулқи бузуқ ўқувчилар билан алоҳида ишлашга юзаки ёндашилгани, ўқувчиларнинг маънавий ва интеллектуал фазилатларини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ота-оналар билан номигагина суҳбат ўтказилаётгани, ўқувчиларнинг маънавий ва интеллектуал сифатларини мустаҳкамлашда, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда ота-оналар томонидан коллежлар маъмуриятига ва педагоглар жамоасига ёрдамни ташкил этиш борасида ўзаро амалий ҳамкорликнинг йўқлиги;
коллежнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида коллеж, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ваколатли органлар ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлиги;
коллеж бўлинмалари раҳбарлари ва педагоглар таркибининг малакасини, касбий ва маънавий-ахлоқий сифатларини ошириш масалалари юзасидан тизимли мониторинг олиб борилмаётганлиги аниқланди.
Коллеж раҳбариятининг ўқув, маънавий-маърифий ва тарбия ишларига, шунингдек, ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга масъулиятсиз муносабат оқибатида коллежнинг айрим ўқувчилари томонидан содир этилган оғир жиноят бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Коллежда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмунини тубдан такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:
Коллеж ва унинг раҳбариятининг фаолияти ўта қониқарсиз деб ҳисобланди.
Коллеж директори Н.С.Темирова хизмат бурчини қўпол равишда бузгани ва хизмат вазифаларини тегишли равишда мунтазам бажармагани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ва махсус унвон - Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг “2-даражали адлия маслаҳатчиси” мартаба даражасидан маҳрум этилгани маълумот учун қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тошкент юридик коллежи фаолиятини ўрганиш ва уни такомиллаштириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда Комиссия) 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилди.
Комиссияга қуйидаги вазифалар юкланди:
ўрта махсус профессионал юридик маълумотга эга мутахассислар тайёрлаш бўйича коллеж фаолиятини ҳар томонлама, танқидий таҳлил қилиш, ўқув жараёнига педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳолатини баҳолаш;
ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, уларда намунали ҳуқуқий маданият ва онгни, юксак маънавий фазилатларни шакллантириш ишларининг ҳолатини таҳлил қилиш;
коллежнинг товар-моддий бойликларини инвентаризациядан ўтказишни ва молия-хўжалик фаолиятини ўрганишни ташкил этиш;
коллежда таълим жараёнини замонавий шакл ва услублар, педагогика, ахборот- коммуникация ва инновация технологиялари асосида янада такомиллаштириш чора- тадбирларини ишлаб чиқиш;
коллежда юзага келган вазиятни соғломлаштириш ва ўрганиш давомида аниқланган хато ҳамда камчиликларнинг келгусида олдини олиш борасида коллеж раҳбарияти ва педагог кадрларига зарур услубий ёрдам кўрсатиш;
2017 йилда коллеж раҳбар ва педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш бўйича методик тавсиялар ва зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
Комиссия (Б.Каньязов) бир ой муддатда коллежнинг раҳбар ва педагог кадрларини аттестациядан ўтказсин ҳамда коллежни замонавий талабларга жавоб берадиган, юксак малака, профессионал тайёргарлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бошқарув ва педагог кадрлар билан тўлдиришни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг коллежни Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда ТДЮУ) тузилмасига ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Белгилаб қўйилишича, коллеж ўрнатилган тартибда белгиланадиган мутахассисликлар ва касбларни ўз ичига олган “юриспруденция” йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълими юридик кадрлари тайёрлайдиган давлат таълим муассасаси ҳисобланади.
Тошкент юридик коллежида ўқув жараёнини тубдан яхшилаш, ўқувчиларни ўқитиш сифатини, маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, шунингдек, коллежнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича Тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.
ТДЮУ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда бир ой муддатда:
ўқувчиларда тизимли фикрлаш, иш юритиш кўникмаларини ривожлантириш, процессуал ҳужжатлар тузиш қобилиятини шакллантириш, чет тиллар бўйича ўқув юкламасини ошириш назарда тутилган ҳолда ва иш берувчиларнинг замонавий тенденциялари ҳамда эҳтиёжларини ҳисобга олиб, малака талаблари, коллеж ўқув режалари ва дастурларини танқидий қайта кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш самарадорлигини, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш, уларда ватанпарварлик, Ватан тақдири ва келажагига масъуллик ҳамда дахлдорлик туйғусини шакллантириш ва ривожлантириш чораларини кўради;
Адлия вазирлиги:
ТДЮУ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда Тошкент юридик коллежи ўқувчилари билимларини баҳолаш тўғрисидаги низомни, шунингдек, Тошкент юридик коллежининг янгиланган Уставини бир ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда икки ой муддатда давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида, шунингдек, бошқа ташкилотларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими юридик кадрларига бўлган эҳтиёжнинг чуқур ўрганилишини таъминласин ҳамда шу асосда келгуси ўқув йилларида ўқувчилар қабул қилишнинг истиқболли режаси тўғрисида таклифлар тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўрта махсус, профессионал юридик маълумоти бўлишини талаб этадиган мутахассисликлар рўйхатини кенгайтиришни назарда тутган ҳолда, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини икки ой муддатда қайта кўриб чиқади.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Тошкент юридик коллежига ушбу коллеж ўқувчиларининг амалиёт ўташини ташкил этишда ҳар томонлама кўмаклашадилар.
Белгиланишича, ўқувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб билан бир қаторда, ўқув интизоми ва коллеж ички тартиб-қоидаларини бузганлиги, шу жумладан семестр давомида узрсиз сабабларга кўра дарсларни 74 соатдан ортиқ вақт қолдиргани, шунингдек, одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун ҳам коллеждан четлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги коллежга 2 та енгил, жумладан, битта бириктирилган ва битта навбатчи енгил автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратади.
ТДЮУга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
ТДЮУнинг бюджетдан ташқари маблағлари (фақат ўқитишнинг базавий қиймати миқдоридан ошадиган қисмида тўлов-контракт асосида ўқишдан тушадиган тушумлар) ҳисобидан коллеж учун ўқув-лаборатория ускуналари, сарфлаш материаллари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, енгил автотранспорт воситалари сотиб олиш, шунингдек, коллеж ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш;
бюджетдан ташқари маблағлар (тўлов-контракт маблағлари) ҳисобидан коллежга унинг ходимларига тариф ставкасининг 100 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устамалар белгилаш учун моддий ёрдам кўрсатиш.
Ушбу қарор 11 ва 12-бандларининг амал қилиши ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейга ҳам татбиқ этилади.
ТДЮУ лицейлар ва коллежлар билан ишлаш бўйича бўлими бошлиғининг лавозим маоши олий таълим муассасаси деканининг базавий лавозим маошига тенглаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов зиммасига юкланди.
Мавзуга оид
11:18 / 27.11.2024
Миллий симфоник оркестри ходимлари маоши оширилади
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
07:16 / 20.08.2024
Саноатни бошқаришнинг вертикал тизими жорий этилади
07:40 / 17.08.2024