Фан-техника | 23:27 / 18.11.2017
17379
3 дақиқада ўқилади

4 хил кўринишга келтириш мумкин бўлган автомобиль тақдим қилинди

Италиянинг Dallara Automobili компанияси антиқа трансформер-кузовга эга бўлган Dallara Stradale спорткарини тақдим қилди.

Dallara автоспортда турли пойга сериялари ва чемпионатлари учун пойга машиналари ишлаб чиқариши билан маълум. Бироқ ўтган йил компания ўз тарихидаги илк оммабоп спорткарни яратишга қарор қилгани маълум бўлганди. Ҳозирга келиб автомобиль охир-оқибат ошкор қилинди ва журналистларда катта ҳайрат уйғотди. Бунинг сабаби оддий: Dallara Stradale 4 хил кўринишга келтириш мумкин бўлган автомобилдир.

Фото: Dallara Stradale

Спорткарнинг базавий модификацияси 155 минг евро туради ва спидстер кузовига эга. Қизиғи, унда пешойна ва эшиклар йўқ. Бундай оддийликни хуш кўрмайдиганлар 16600 евро эвазига машинага пешойна ўрнатишлари мумкин. Бунинг ҳисобига машина родстерга айланади.

Яна 7700 евро эвазига Т-шаклли рамка ҳисобига машина таргага (орқасида рамкаси бўлган родстер) айланади. Ва ниҳоят 7300 евро қўшимча тўлаб, “чайка қаноти” каби очиладиган эшикка эга купе ҳосил қилинади. Бироқ айтиш жоизки, бу тўлақонли эшиклар эмас. Улар кузовнинг эшик жойлашадиган қисмидаги бортнинг юқорисига ўрнатилади ва барибир машинага бортни хатлаб ўтиб ўтиришга тўғри келади.

Фото: Dallara Stradale

Dallara Stradale углепластикдан ишланган кузов ва кичик ўлчамлари ҳисобига 855 кг келади. Машинанинг мотори ҳам одмигина: 400 от кучигача кучайтирилган 2,3 литрли Ford EcoBoost двигатели. Машинада 6 поғонали механик узатмалар қутиси ўрнатилади ва шунингдек, қўшимча равишда автомат узатмалар қутисини буюртириш мумкин. Машина одмигина двигателига қарамай, анча яхши кўрсаткичларга эга: у 100 км/соат тезликка 3,2 сонияда эриша олади, максимал тезлиги эса 300 км/соатни ташкил қилади. Кўринишича, спорткарга талаб унча ҳам катта бўлмайди, чунки анча оддий конструкцияга эга бўлгани билан нархи анча “чақади”. Италияликлар машинадан 600 дона ишлаб чиқариш қарорига шуни фаҳмлаган ҳолда келган бўлсалар керак.

Фото: Dallara Stradale