Спорт | 08:10 / 20.11.2017
103344
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодиров ўзбекистонлик спортчига машина совға қилди

Ўзбекистонлик спортчи, аралаш яккакураш жангчиси Нурсултон Рўзибоев Чеченистон президенти Рамзон Қодировдан совғага машина олди.

Чеченистоннинг “Аҳмат” спорт клуби номидан иштирок этувчи Рўзибоев 18 ноябрда Грознийдаги мусобақада рингга кўтарилиб, қозоғистонлик Амхад Жанчураев билан беллашди.

Жанг бор-йўғи 1,5 дақиқа давом этди. Ўзбекистонлик жангчи 1-раунднинг ўзидаёқ ўз рақибини нокаутга учратиб, ғалабага эришди.    

Ғолибга Қодиров номидан автомобиль калити топширилди. Эътиборлиси, жанг ташкилотчилари мусобақа томошабинларига 18 ноябрь Ўзбекистонда давлат байроғи қабул қилинган кун сифатида нишонланишини ва шу муносабат билан Ўзбекистон вакили Қодиров номидан машина билан тақдирланишини маълум қилишди.

Яна бир қизиқ жиҳат, Рўзибоев ва унинг жамоаси мусобақаларда Қодировнинг Ўзбекистонга ташрифи вақтида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бирга тушган сурати бўлган футболкаларда бўлганлар.

Нурсултон Рўзибоев профессионал рингда 2014 йилдан бери жанг қилиб келади. Рўзибоев бунгача 16 та жанг ўтказиб, ундан 12 тасида зафар қучган, 4 тасида мағлубият аламини тортган.

Мавзуга оид