Ўзбекистон | 17:03 / 22.11.2017
15442
2 дақиқада ўқилади

Спорт паспорти тўғрисидаги низом тасдиқланди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Спорт паспорти тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати Facebook ижтимоий тармоғида маълум қилмоқда.

Унга кўра, спорт паспорти ягона намунадаги ҳужжат бўлиб, спортчининг жисмоний тарбия-спорт ташкилотига мансублигини ва унинг спорт малакасини тасдиқлайди. Низомга мувофиқ спорт паспорти ўсмирлар учун иккинчи спорт разрядидан паст бўлмаган разрядга эга бўлган, тегишли спорт тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётган ва спорт мусобақаларида доимий равишда иштирок этувчи спортчига берилади. Спорт паспортидан:

•  спортчининг бир жисмоний тарбия-спорт ташкилотидан бошқасига ўтишида;
•  спортчини спорт мусобақаларида иштирок этиш учун рўйхатга олишда;
•  спортчининг тиббий текширувдан ўтишида;
•  спортчи томонидан спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш учун зарур бўлган нормалар ҳамда талаблар бажарилишида;
•  қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда фойдаланилади.

Шунингдек, мазкур ҳужжатга мувофиқ икки шаклдаги спорт паспортлари жорий қилинади: китобча шаклидаги спорт паспорти ҳамда пластик шаклдаги спорт паспорти, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид