Яна директорлар ҳақоратланди. Бу сафар Андижон
Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев йиғилишда шаҳардаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга ургани ифодаланган аудиоёзув KUN.UZ таҳририятига етиб келди.
Раҳматуллаев раҳбарлигидаги ушбу йиғилиш ўтган ойда, Андижондан Тошкент вилоятига поезд орқали минглаб теримчилар олиб келинганидан кейинги кунларда бўлиб ўтган. Аудиоёзувдан билиш мумкинки, шаҳар ҳокими пахта теримига белгиланган миқдорда теримчи жўната олмаган директорларни бирма-бир турғазиб, йиғилганлар олдида турли қўпол сўзлар билан сўкади ва ҳақоратлайди.
27 дақиқалик аудиофайл Раҳматуллаевнинг тилга олиб бўлмас сўкинчли сўзлари билан тўлиб-тошган.
«Ҳокимиятнинг кучини кўрсатиб қўяман сенларга. Бир жойимни қисиб юрувдим, очиғи. Бошқарма бошлиғи бўлиб ишлаганманда, она товуққа ўхшаб буларни ёнимда олиб юровурганман. Булар бошқармаси билан юровурсин, бошқармасини айтганини қилсин, десам булар бошқача қилди. Қани, Маъруф ким билан ишлайсан экан. И***с, шу пайтгача сен демовдим. Ҳаммангни биламан». Бу унинг Андижон тиббиёт коллежи директори Маъруф Бувабековни таҳқирлаш давомида айтган энг юмшоқ сўзларидир.
Асли ўзи ҳам ўқитувчи бўлган, кейинроқ 11 йил давомида Андижон вилояти халқ таълими бошқармасида ишлаган Дилмурод Раҳматуллаев 2016 йилда Андижон шаҳри ҳокимига айланди.
Бу ҳоким шу йилнинг августида KUN.UZ нашри билан суҳбатда мухбирнинг таълим соҳаси ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилиши кўп йиллардан бери кузатилиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, янги ўқув йилида бундай салбий ҳолатлар такрорланмаслигига ваъда қилганди.
Аммо у ҳам, ўша кунларда у каби ваъда берган бошқа ҳокимлар ҳам (Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлари шу жумладан) одамларни алдагани маълум бўлди, барча ҳудудларда таълим соҳаси ходимлари пахта теримига жалб этилди.
Натижада ҳокимларнинг ваъдасини олиб берган ОАВ ҳам халқнинг ишончини йўқотди.
Андижон ҳокими талаба, ўқитувчи ва шифокорларни пахта йиғим-теримига жалб қилишни жиноят деб атади
Қуйидаги видеоколлажда Раҳматуллаевнинг асл юзи қандай очилиб боришини кўриш мумкин. Қайд этиш керакки, унинг овози ёзиб олинган аудио 15 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор вақтида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ходимларига қўпол муносабатда бўлаётган, уларга ҳатто қўл кўтараётган ҳоким ва раҳбарларни қаттиқ танқид қилганидан кейин тарқалди.
Шавкат Мирзиёев раҳбар шахсларнинг бундай хатти-ҳаракатлари давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини таъкидлаганди.
«Агар раҳбарлар намуна бўлмаса, эртага биз одамларни эргаштира олмаймиз. Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, «Мен раҳбарман, нима қилсам ҳам, меники тўғри», деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳақоратлаб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. Бу бизга умуман номаъқул нарса. Бу иллатни йўқ қилиш керак. Одамлар кўтармайди энди», деганди давлат раҳбари.
Президент, бундай шармандали ҳолатларни берилган топшириқлар ёки белгиланган режани бажариш билан боғлаб ўзини оқламоқчи бўлганларга, иш юзасидан талабчанлик қилиш бошқа, одамларнинг шахсига тегиш — бутунлай бошқача нарсалигини уқтирганди.
«Қўл остидаги ходимлар сизга фақат иш юзасидан бўйсуниши, қолган масалаларда сиз билан теппа-тенг ҳуқуқ эгаси эканини асло эсингиздан чиқарманг! Мана шу гапларни жамоатчиликка, ҳаммага етказишингизни илтимос қиламан. Қонунларимизда бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилангани, жазо муқаррар эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.
Бу республикадаги кўплаб муштумзўр ҳокимлардан бирининг фош бўлиб қолган қилмиши. Балки ҳокимларга ҳаддан ташқари кўп ваколатлар тақдим этилгани, ўз тасарруфида бўлмаган соҳаларга ҳам хўжайинлик қилиши шундай аянчли оқибатни юзага келтиргандир?
Бу ҳолатда фақат бир кишининг жасорат билан зўравон ҳокимнинг «ихтиёрига қарши бориши» орқали унинг кирдикорларидан барча огоҳ бўлмоқда. Лекин республикада бундай ҳолатлар озми? Барча ҳам зўравонликка қарши чиқиб, ўз ҳуқуқларини талаб қила оладими? Демократик жамият учун бу оддий ҳол бўлиши керак эмасми?
Бу материалдан кейин ҳукуматни шармисор қилган ҳокимининг хатти-ҳаракатлари тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилар, у ишдан олинар, бу чора бошқа муштумзўр ва зўравон раҳбарлар учун ҳам сабоқ бўлар. Аммо бироз вақт ўтиб, бу воқеа унутилиб, Раҳматуллаев яна бошқа бир раҳбарлик лавозимида пайдо бўлса (Очиқ маълумотларга кўра, Раҳматуллаев 2015 йилда Андижон Халқ таълими бошқармаси раҳбарлигидан олиниб, унга қарши иш очилганди. Аммо у 2016 йилда шаҳар ҳокимига айланди — таҳр.), бундай муаммоларга қарши кураш, президент томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси сифатида нимани кўрсатиш мумкин бўлади?
Умид қиламизки, президентимиз айтганидек, «икки йилдан кейин ҳамма жойга ёш, ватанни, халқини севадиган кадрлар келади».
Азиз Қаршиев
Мавзуга оид
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024