Фан-техника | 21:20 / 23.11.2017
7268
2 дақиқада ўқилади

BMW ва Fiat-Chrysler компаниялари машиналарини қайтариб олмоқдалар

Фото: Reuters

BMW AG компанияси 2014 йилдан ҳозирги кунгача сотилган барча i3 моделидаги электромобилларини қайтариб олмоқда. Бу ҳақда Automotive News нашри хабар бермоқда. Автомобилларнинг қайтариб олиниши бу машиналардан паст бўйли одамлар фойдаланишлари катта хатарга эгалиги билан боғланган. 

Автомобиль билан ўтказилган крэш-тестлар шуни кўрсатдики, бўйи 152 см атрофида ва оғирлиги 50 кг га яқин бўлган одамларда агар улар хавфсизлик камарини тақмаган бўлсалар, бўйин қисмидан жароҳат олиш хатари бирмунча юқори экан. 

BMW томонидан сотилган 30,542 мингта i3’дан 29,383 таси АҚШ ҳисобига тўғри келади.

Яна бир автомобилсозлик компанияси – Fiat Chrysler Automobiles 8 мингта Jeep йўлтанламасларининг қайтариб олинишини маълум қилди. Йўлтанламаснинг қайтариб олиниши хавфсизлик ёстиқчасидаги носозликни бартараф этиш билан боғланган. Бу носозлик ҳайдовчи ёнида ўтирган йўловчиларга хавф солиши мумкин.

Жорий йилнинг сентябридан 19 ноябригача сотилган Jeep Compass машиналари қайтариб олинмоқда. Улардан 7 мингтаси АҚШда сотилган. Бу машиналар Мексиканинг Толука шаҳрида ишлаб чиқарилади.

Fiat Chrysler Automobiles хавфсизлик ёстиқчаларидаги носозлик билан боғлиқ бирор кўнгилсиз воқеа юз бергани номаълум бўлса-да, автомобиль эгаларини муаммо бартараф этилмагунча олди ўриндиққа йўловчи ўтказмасликка чақирди.

Мавзуга оид