Иқтисодиёт | 10:20 / 23.11.2017
44066
6 дақиқада ўқилади

Мирзиёевнинг Кореяга давлат ташрифи мобайнида муҳим келишувларга эришилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи мобайнида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенгайтирилишига қаратилган бир нечта муҳим келишувларга эришилди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги томонидан эркин савдо зонаси яратиш имконияти муҳокама қилинди ва икки давлат бозорларига имтиёзли киришни таъминлашнинг зарурлиги бўйича принципиал келишувлар амалга оширилди.

Бу борада вазирликлар раҳбарлари томонидан шу йил охиригача Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги имтиёзли савдо-сотиқ тўғрисида икки томонлама Келишув тайёрланиши бўйича Қўшма ишчи гуруҳининг биринчи учрашувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фото: Ташрифни ёритиш матбуот маркази

Ташриф доирасида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қабул қилинишида, хусусан, мазкур ташкилотга аъзо бўлишнинг натижасини баҳолаш, миллий қонунчиликнинг ЖСТ келишувлари талабларига мослиги экспертизаси ҳамда техник, консультатив ва манфаатдор вазирлик ва ташкилотларга мутахассислар кўмагини бериш йўллари орқали Корея Республикасининг қўллаб-қувватлаши бўйича меморандум ва Йўл харитаси имзоланди.

Ўзбекистонда ташқи савдодаги ҳамкорликнинг илғор шаклларини жорий этиш, ташқи савдо операцияларини ўтказиш ва экспортни рағбатлантириш билан боғлиқ тартиб-қоидаларнинг енгиллаштирилиши мақсадида томонлар илғор корейс тажрибаси асосида Ўзбекистон Республикаси электрон савдо Миллий платформасини яратиш тўғрисида келишувга эришдилар ва мазкур шартнома ижросининг амалда татбиқ қилиниши бўйича мувофиқ Йўл харитаси тасдиқланди.

«Ўзтрейд» АЖ KITA Корейс халқаро савдо ассоциацияси ва KTNET билан Ўзбекистон Республикасида электрон савдони ривожлантириш юзасидан ҳамкорликдаги фаолиятни ташкил этиш бўйича келишувга эришилиб, меморандум имзоланди.

Фото: Ташрифни ёритиш матбуот маркази

Корейс бозорига юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш мақсадида Корея саноат технологиялари институти (KITECH) ва Корея нодир металлар институти билан Ўзбекистон Республикасида Нодир металлар ва қотишмалар илмий-тадқиқот Марказига асос солиш бўйича шартнома тузилди.

Мазкур шартнома саноат ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини кенгайтиришда юқори технологиялар ва илғор корейс тажрибасини жорий этишга йўналтирилган икки томонлама музокараларнинг мантиқий давоми бўлди. Корея савдо, саноат ва энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкентда Тўқимачилик ўқув-тадқиқот технопарки фойдаланишга топширилган, шу йилнинг июль ойида эса Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш бўйича Ўзбек-Корейс марказига асос солиш бўйича қарор қабул қилинганди.

Икки тарафлама товар алмашинуви ҳажмини ошириш ва бозорларимиздаги талабгир маҳсулотларнинг тизимли етказилишини ташкиллаштириш мақсадида корхоналаримиз томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар намойиши учун доимий фаолият кўрсатувчи «шоу-румлар»га эга савдо уйларини очиш борасида ҳам келишувларга эришилди. Мазкур ташаббуснинг амалдаги исботи сифатида, «Ўзтрейд» АЖ томонидан корейс ҳамкорлар билан биргаликда Кореядаги биринчи ўзбек-корейс савдо уйини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек бир қатор ҳамкорликдаги экспортга мўлжалланган корхоналар тузилиши бўйича ҳам шартномаларга эришилди, жумладан:

- Hwachon Plant-Gemco - «Фотон» ДИИК (давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси) ҳудудида қимматбаҳо зеб-зийнат буюмлари ишлаб чиқарилиши бўйича;

- AVID Co. Ltd. - Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати билан ҳамкорликда қимматбаҳо зеб-зийнат буюмлари ва соатлар ишлаб чиқарилишини ташкил этиш бўйича;

- Seoul Jewelry Industry Cooperative - «Асака» банки билан ҳамкорликда қимматбаҳо зеб-зийнат буюмлари ва соатлар ишлаб чиқарилишини ташкил этиш бўйича;

- Samsung Steel Co. - «Ўзозиқовқатсаноатхолдинг» билан ҳамкорликда иссиқхоналар ишлаб чиқарилиши бўйича;

Иссиқхона ишлаб чиқарувчилари Консорциуми ва K&G Plus компанияси ўртасида иссиқхоналар ишлаб чиқариш ва қуриш соҳасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.

Ташриф доирасида ўтказилган Ўзбек-Корейс бизнес-форумининг амалий натижаси сифатида мамлакатларимиз корхоналари ўртасида сархил ва қайта ишланган сабзавотчилик, тўқимачилик ва чарм маҳсулотлари, мис ва бошқа товарларни ўз ичига олган 230 млн. доллардан зиёдроқ қийматдаги маҳсулотларнинг етказиб берилишини кўзда тутувчи ўнлаб экспорт шартномалари имзоланганини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Кореяга уран етказиб берилиши бўйича узоқ муддатли шартнома тузилди.

Ўзбек сабзавотчилик ва тўқимачилик маҳсулотларини корейс бозорига етказиб бериш тизимини шакллантириш масалалари бўйича самарали музокаралар ўтказилди, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Korea Trade Network Co. Ltd., CJ Freshway, Heakwang, CIELIE Co. ва бошқа қатор шу каби катта логистика марказларини яратиш бўйича аниқ режалар муҳокама қилинди.

Korean Air компанияси билан транспорт ва логистика соҳаси, шу жумладан, «Навоий» аэропорти базасидаги халқаро интермодал логистика марказининг келажакдаги ривожланиши ва мамлакатларимиз ўртасида товар алмашинувининг ошишида унинг имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшимча вазифалар муҳокама қилинди.

Мавзуга оид