Спорт | 16:39 / 24.11.2017
28684
9 дақиқада ўқилади

Анонс. Дам олиш кунларидаги асосий учрашувлар

23 ноябрь оқшомида Европа Лигасида 5-тур ўйинлари бўлиб ўтди, бугундан эса кучли бешлик ва бошқа чемпионатларда навбатдаги тур учрашувларига старт берилади. Улар ичида бир қатор эътиборга молик ўйинлар ҳам бор, албатта ва «Трибуна» бу учрашувлар анонсини келтиради.

БОРУССИЯ – ШАЛЬКЕ 04 (25 ноябрь, 19:30)

Рур дербиси – Бундеслиганинг энг кескин тўқнашувларидан бири. Рур регионининг икки катта клуби ўртасида кечадиган жорий мавсумдаги илк ўйинни гувоҳи бўламиз. Шундоқ ҳам, дерби жуда қизиқарли ўтиши тайин, бунинг устига турнир жадвалида жамоаларнинг қўшни бўлиб турганликлари вазиятни янада кескинлаштириши турган гап.

Дортмундликлар жуда ёмон даврни бошдан кечирмоқда. Сўнгги икки ойда, 9 ўйинда жамоа атиги 1 ўйинда ғалаба қозонди холос. Бундеслигадаги охирги ғалаба эса, 30 сентябрга тўғри келади. Натижада «Боруссия» турнир жадвалида 1-ўриндан 4-ўринга тушиб кетди. «Бавария» билан орадаги фарқ 8 очкони ташкил қилмоқда.

Гилзеркирхенликлар эса аксинча, сентябрдан бери мағлубиятга учрагани йўқ. Сўнгги олти ўйиннинг бештасига ғалаба қозонган Тедеско шогирдлари лигада иккинчи ўринга кўтарилиб олди.

Сўнгги уч Рур дербиси дуранг билан якунланганди. Хўш, «Боруссия» ўз майдонида бу анъанани бузиб, ниҳоят муваффақиятсиз паллага чек қўядими ёки муаммо аслида янада чуқурроқми?

ЛИВЕРПУЛЬ – ЧЕЛСИ (25 ноябрь, 22:30)

Ўн йиллар олдин бу тўқнашув нафақат Премьер Лиганинг, балки Чемпионлар Лигасининг ҳам классикаларидан бирига айланганди. Бу икки жамоа ЕЧЛнинг охирги босқичларида кўп бор рўбару келишган.

Ҳозир эса, ўртага АПЛдаги юқори ўринлар учун курашиш имконияти тикилган. Ҳозирда Клопп шогирдларининг «Манчестер Сити» билан фарқи 12 очкони ташкил қилмоқда. Бу ўйиндаги йўқотиш фарқни янада ошириши мумкин ва у ҳолда чемпионлик учун курашиш имконсиз. Ўз навбатида, «Челси»нинг очко йўқотиши «Манчестер Юнайтед»ни олдинроққа ўтказиб юборади.

Турнир жадвалини бир четга йиғиштирсак, ҳар икки жамоа ўйинга оптималга яқин ҳолатда етиб келаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Клопп ушбу мавсумда ниҳоят биринчи марта ҳужум чизиғидаги ижрочиларнинг ҳолатидан мамнун – Мане ҳам, Коутиньо ҳам сафга қайтди, Салоҳ ажойиб сермаҳсуллик намойиш қиляпти. «Челси» ҳам Канте ва Моратанинг тикланиши, Азарнинг ажойиб спорт формасига кириб бораётгани билан муҳим паллага кучли ҳолатда кириб келмоқда.

Ҳар икки жамоа ўтган кунлари ЕЧЛда тўп сурди. «Ливерпуль» бир кун кўпроқ дам олиш имконига эга бўлди, аммо «Челси» осонроқ рақибга қарши тўп сурганига ҳам эътибор қаратиш керак.

Ўтган мавсумда ливерпулликлар Лондонда ғалаба қозонишганди, аммо «Энфилд»даги ўйинда 1:1 натижаси қайд этилган. 


БЁРНЛИ – АРСЕНАЛ (26 ноябрь, 19:00)

Билсангиз керак, билмасангиз ҳайрон қоласиз, 12-турдан сўнг, бу жамоаларнинг тўплаган очколари тенг ва турнир жадвалида ёнма-ён боришмоқда. Шон Дайч шогирдлари сафарда топ жамоалар билан ўйнашни ўрганиб олишди – «Челси» устидан ғалаба, «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» билан дуранг. Энди «Бёрнли» ушбу мавсумда илк маротаба топ-6 вакилини ўз уйида қабул қилади.

«Бёрнли» ва «Арсенал»нинг сўнгги 5 ўйинида «Арсенал» ғалаба қозонган бўлса-да, бу сафар меҳмонларни фаворит деб айтиш бироз қийин. Сабаби, ўша ўйинларнинг сўнгги тўрттасида минимал ҳисоб қайд этилган, бунинг устига «Бёрнли» ушбу мавсумда ҳимояда жуда яхши ўйин кўрсатмоқда. 12 ўйинда 9 гол ўтказиб юборилди холос – лигада учинчи кўрсаткич.

Шунингдек, «Арсенал» сафарда ишончни оқлай олмаяпти, шу пайтгача Венгер шогирдлари сафарда фақат «Эвертон» устидан ғалаба қозонди холос. 4 ўйинда лондонликлар мағлубиятга учраган.

Кечагина «Арсенал» Европа Лигаси ўйинида майдонга тушди. Аммо Кёльнда бутунлай иккинчи таркиб майдонга тушганини унутмаслик лозим.

ВИЛЬЯРЕАЛ- СЕВИЛЬЯ (26 ноябрь, 22:30)

Испаниянинг одатий кескин ва қизиқарли ўйинини кўрмоқчи бўлсангиз, манзилда адашмадингиз. Кучли тўртлик учун бу йил Испанияда кураш қизғинроқ бўлишини кутса бўлади, чунки орага «Валенсия» ҳам қўшилди. Бу сафар кимдир четда қолиши керак.

«Севилья» ва «Вильяреал» мос равишда 22 ва 21 очкодан тўплаган ҳолда, 4-ўриндаги «Атлетико»ни (24 очко) таъқиб қилиб боришяпти. Турнир нуқтаи назаридан ҳам бу ўйин кўп масалани ҳал қилиши шубҳасиз.

Ҳар икки жамоа ҳам еврокубокларда ўз иродасини намойиш қилди. «Севилья» биринчи бўлимни 0:3 ҳисобида бой берган ўйинда дурангга эришиб, «Ливерпуль»га Истанбулни эслатиб қўйди. Бу натижа андалусияликларнинг кейинги босқич учун имкониятларини яхшилади. «Вильяреал» эса, «Астана» майдонида иродали ғалабага (3:2) эришиб, кейинги босқич масаласини ҳал қилди.

 

ВАЛЕНСИЯ – БАРСЕЛОНА (26 ноябрдан 27 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)

Шубҳасиз, мавсумнинг энг марказий ўйинларидан бири. «Валенсия» бир пайтлар «Атлетико» намойиш қилган қаҳрамонликни кўрсатиб, мавсум охиригача пешқадамлар билан бир темпда бора оладими? Бу савол нафақат ушбу мавсум учун, балки валенсияликларнинг келажаги учун ҳам катта аҳамият касб этади, назаримизда.

«Валенсия» Мадридда ҳам ютқазмасликнинг уддасидан чиқа олган. Лекин ўша ўйин «Реал»нинг ўз майдонидаги бир қатор омадсиз ўйинлар орасида бўлгани учун, кўпроқ мадридликларнинг ҳолатига урғу қаратилганди. «Барселона»га қарши эса, «Валенсия» меҳмонларнинг асосий рақиби ва таъқибчиси, мавсумни мағлубиятсиз ўтказаётган кучли жамоа сифатида саф тортади. Демак ҳақиқий синов энди бошланяпти. 

Вальверде «Барселона»нинг бугунги салоҳиятига тўғри баҳо бера оляпти ва айниқса, сафардаги ўйинларда жуда прагматик ўйин кўрсатмоқда. Бу сафар ҳам меҳмонлар дурангга қарши бўлмасалар керак.

МОНАКО – ПСЖ (26 ноябрдан 27 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Агар ўтган йилги Франция чемпиони ўз майдонида тўхтатмаса, «ПСЖ»ни яна ким тўхтатиб қолиши мумкин?

Тўғри, «Монако» ўтган йилгидан кўп фарқ қилади – Бакойоко, Мбаппе, Силва, Менди каби етакчилар жамоани тарк этишган, янгилар ҳали ўзларини кўрсатганларича йўқ. Аммо шундай бўлса-да, «Монако» Франция чемпионатида ёмон ўйнамаяпти. Айниқса, Фабиньонинг таркибга қайтиши жамоа ўйинларини янада кучайтирди. Жамоа 6 очколик фарқ билан «ПСЖ»нинг чемпионатдаги энг яқин таъқибчиси ҳисобланади. Бу ўйиндан сўнг, фарқ қисқариши мумкин.

СПАРТАК – ЗЕНИТ (27 ноябрь, 21:30)

«Спартак» лигада сўнгги мағлубиятни август ойида қабул қилган. Қаторасига «Зенит», «Локомотив» ва ЦСКАга қарши майдонга чиққан чемпионлар ҳар уч ўйинни бой берганди. Аммо кейинчалик, жамоа натижалари барқарорлашди ва 12 ўйиндан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Лекин яна кучли рақиблар даври бошланади – «Зенит»дан сўнг, декабрь ойида армиячиларга қарши ўйин кутиб турибди. «Спартак» бу мавсум ҳам чемпионлик пойгасига аралаша оладими, йўқми, бу ўйин саволга жавоб бериши шубҳасиз.

«Зенит» эса, «Локомотив»дан уч очко ортда қолган ҳолда, пешқадамни таъқиб этишда давом этяпти.

Жамоаларнинг сўнгги 16 ўзаро ўйинларининг ярмида «Зенит» ғалаба қозонган. Лекин питерликларнинг «Спартак» майдонида 2012 йилдан бери ғолиблик нашидасини сурмай келаётганликларига ҳам эътибор қаратиш лозим. 

 

БОШҚА ЎЙИНЛАР

25 ноябрь:  МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Брайтон (20:00), ТОТТЕНҲЭМ – Вест Бромвич (20:00), РЕАЛ – Малага (20:15), Боруссия М – БАВАРИЯ (22:30), Кальяри – ИНТЕР (24:45)

26 ноябрь: Бёрнли – АРСЕНАЛ (19:00), МИЛАН – Торино (19:00), Удинезе – НАПОЛИ (19:00), Женоа – РОМА (19:00), Ҳаддерсфильд – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21:00)

Мавзуга оид