Фото: Самарқандда ҳосил байрами — халқ сайли бўлиб ўтди
Самарқанд вилояти деҳқонларининг йил бўйи етиштирилган ҳосилни сарҳисоб қилиб, халқ сайли уюштирилди. Эрта тонгдан шаҳар четидаги эшкак эшиш каналига халқ оқиб кела бошлади. Сайлга шошаётганлар орасида ёшу қари, эркагу аёл, ёшлар, талабалар ва ўқувчиларни учратиш мумкин эди.
Самарқандликлар бу қадар йирик сайл яқин ўртада бўлганини эслаша олмайди. Ўн минглаб инсонлар томоша қилиш, ҳордиқ чиқариш учун байрамга келишди.
Эшкак эшиш канали атрофида ҳар бир туман ўзига ажратилган майдонда турли кўргазмалар, ярмаркалар ташкил этишган. Ясалган саҳналарда донғи чиққан ҳофизлар хониш қилиб туришар, фольклор дасталари шўх ва халқона қўшиқлари билан мухлислар олқишини олишди. Дошқозонларда эса ош ва бошқа тансиқ таомлар тайёрланаётган эди. Дастурхонлар пишириқлару ноз-неъматларга тўла, истаган инсон бемалол ўтириб, суҳбатлашиб тамадди қилиб кетиши мумкин.
Сайл давомида турли спорт ва кўнгилочар мусобақалар ташкиллаштирилди. Кураш мусобақасида гилам, велосипед, телевизор, сарка ва ҳаттоки туягача зот тикилиб, республикамизнинг турли гўшаларидан келган полвонлар бел боғлаб майдонга чиқишди.
Ҳосил байрамининг тантанали қисмини кириш сўзи билан очар экан вилоят ҳокими Туробжон Жўраев пилла, ғалла, мева-сабзавотлар етиштиришда мўл ҳосилга эришилгани, пахтани давлатга сотиш режаси республикада биринчи бўлиб бажарилганига урғу бериб, президент Ш.Мирзиёевнинг самимий табрикларини вилоят аҳлига етказди.
Т.Жўраев ўзининг қисқача нутқида президентимизнинг Туркия ва Жанубий Корея сафарларида имзоланган битимларга кўра Самарқанд вилоятида ҳам хорижий инвестициялар салмоғи кескин ортишини билдириб ўтди.
«Йил бўйи самарали ва яхши меҳнат қилдик. Яхши меҳнат қилган киши, яхшилаб дам олишни ҳам билиши керак», деди вилоят ҳокими.
Пахта етишдиришда давлатга пахта сотиш режасини биринчилардан уддалаган туманларга Президент совғаси — «Дамас» автомашиналари калитлари топширилди. Шунингдек, йиғим-терим мавсумида жонбозлик кўрсатган барча туманга қимматбаҳо совғалар топширилди. Вилоятдаги қишлоқ хўжалиги соҳаси бошқармалари ва ташкилотлари ҳам совға-саломларсиз қолмади.
Ҳосил байрами сўнгида пойтахтдан ташриф буюрган эл суйган санъаткорлар самарқандлик деҳқонларни табриклаб, ўз чиқишлари билан даврага файз улашишди.
Шуҳрат Шокиржонов,
KUN.UZ мухбири.
Самарқанд.
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024