Ўзбекистон | 10:30 / 28.11.2017
74000
3 дақиқада ўқилади

Молиявий пирамида асосчиси Нуриддин Абулғозиев суд қилинди

Фото: Ўзбекистон 24

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг тезкор ходимлари Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда кенг кўламли фирибгарлик билан шуғулланиб келган гуруҳнинг жиноий фаолиятига чек қўйди. Бу ҳақда 27 ноябрь куни «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида маълумот берилди.

Қайд этилишича, 1979 йилда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида туғилган Нуриддин Абулғозиев жиноий тил бириктиришнинг ташаббускори бўлган. У ўзининг шериклари – Акмал Назаров, Жонибек Бўрибеков ва Дилшод Қосимбеков билан бирга “Дилшод Авто Савдо” МЧЖга асос солади. Ҳужжат бўйича фирма автомобиль олди-сотдисида ўртадаги воситачи вазифасини бажарган. Аммо кейинчалик терговда аниқланишича, бу ишлар шунчаки жиноятни беркитиш мақсадида қилинган. 

Бошқарув лавозимларига ўз ҳамтовоқларини жойлаштириб қўйган Абулғозиев чинакам маънода молиявий пирамидага асос солади. Улар бу сердаромад ишга аҳолидан жуда катта миқдорда фоиз тўловини тўлаш ваъдаси билан пул, қимматбаҳо тақинчоқлар, мол-мулк ва автотранспорт воситаларини қабул қилишни бошлайдилар. Товламачилар “Дилшод Авто Савдо” жамияти орқали одамлар ўз маблағларини кўпайтириб олганликлари ҳақида ёлғон миш-мишларни тарқатишади. Кейинроқ маълум бўлишича, аҳолидан олинган бойликлар тадбиркорлик фаолиятига эмас, балки одамлар ишончини йўқотмаслик учун эски омонатчиларга фоиз тўловларини қоплаш учун йўналтирилган. 

Пулнинг қолган қисми эса жиноятчиларнинг чўнтагига тушган. Алданган кишилар сони юзлаб экани айтилмоқда. Фирибгарларнинг айланма пуллари эса миллиардлаб сўмни ташкил қилган. МХХ ходимлари жиноятчи гуруҳнинг қинғир ишларини фош этдилар. 

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Янгийўл тумани судида кўриб чиқилди. Туман суди раиси Баҳром Тошпўлатовнинг сўзларига кўра, Абулғозиевга нисбатан илгари сурилган айбловлар ўз исботини топган, айбдорларга тегишли жазо тайинланди.

“Жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни судланувчилардан ундириш белгиланди. Судланувчилар – Нуриддин Абулғозиев ва унинг жиноий шериклари томонидан ҳали ўзларининг ихтиёрига ўтказишга улгурмаган 125 дан ортиқ бўлган енгил ва юк автомашиналари суднинг қарори билан қонуний эгаларига қайтарилишига эришилди”, - дейди Баҳром Тошпўлатов. 

Эслатиб ўтамиз, Абулғозиев чинозлик Аҳмадбой қўлга тушганидан сўнг – ўтган йилнинг июнь ойида ҳибсга олингани маълум бўлган эди.

Мавзуга оид