Жаҳон | 19:45 / 29.11.2017
49470
2 дақиқада ўқилади

Ҳаага трибуналида ўзига ҳукм ўқилганидан кейин заҳар ичган генерал вафот этди

Босния хорватлари генерали Слободан Праляк Ҳаага трибуналида Собиқ Югославия бўйича апелляцияси кўриб чиқилиши вақтида ўзига ўқилган ҳукм ўзгаришсиз қолганини билганидан сўнг заҳар ичди. Associated Press агентлиги унинг ўлими ҳақида хабар тарқатди.

Праляк суд залидан Ҳаагадаги шифохоналардан бирига олиб борилган, аммо унинг жонини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Генерал 2013 йилда собиқ Югославиядаги фуқаролик уруши вақтидаги ҳарбий жиноятларда айбланиб, 20 йил муддатга қамоққа ҳукм қилинганди.

У суд ҳукми ўз кучида қолганини билганидан кейин ўрнидан турган ва деган: «Мен ҳарбий жиноятчи эмасман. Энди заҳар ютаман». Шу жойда суд мажлиси тўхтатилган ва воқеа жойига тиббиёт ходимлари чақирилган.

Генерал судга тортилган 6 нафар собиқ хорват сиёсий ва ҳарбий арбобларидан бири саналарди. Уларнинг барчаси инсониятга қарши жиноятлар содир этиш ва уруш қонунларини бузишда айбланган.

Айбловчи томон 1991 йил ноябридан 1994 йил апрелигача бу шахслар Хорватия ҳудудидан хорват бўлмаганларни йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларни содир этганини иддао қилади. Улар шунингдек, бошқа миллатлар вакилларини депортация қилган, ноқонуний равишда ҳибсга олган, мулкларини мусодара қилган, уйларни бузиб, қотилликлар содир этган.

Мавзуга оид