Ўзбекистон | 07:59 / 29.11.2017
31167
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов ҳукумат таркибига қўшилган янги вазирлар ҳақида фикр билдирди

Фото: Шерзод Шерматов

Аввалги хабарларимизда, 28 ноябрь куни Ўзбекистон ҳукумати таркибида кўплаб ўзгаришлар юз берганини маълум қилган эдик. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири в.б. Шерзод Шерматов ҳокимият таркибидаги ўзгаришлар ҳақида ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида муносабат билдирди.

"Бизларга хорижда таълим олишга имконият берган "Умид" дастурининг 4 нафар битирувчиси - Вазирлар Маҳкамаси таркибида.

Иккита янги келганлар: Ташқи савдо вазири (Жамшид Хўжаев) ҳамда Инновацион ривожланиш вазири (Иброҳим Абдураҳмонов).

Президентимиз кенг кўламли ва муҳим аҳамиятга эга ислоҳотлар дастурини олға суришга интилмоқда. Шу сабабли улар хорижий билимга эга инсонларни тарғибот қилишга ва юқори мартабали лавозимларга тайинлаш орқали ислоҳотлар амалга оширишга катта эътибор қаратмоқдалар. Гарчи, мазкур жиддий ўзгаришларнинг айримларини амалга оширилишига  вақт керак бўлса-да, бу саъй-ҳаракатлар одамларнинг ҳаётида чинакам ўзгаришлар шаклида ўзини оқлашига умид қиламан", - дея қайд этган Шерматов ўз постида. 

Бу тенденция ислоҳотлар жараёнига қўшилиш истагида бўлган бошқа умидчилар, шунингдек, хорижий таълим ва тажрибага эга инсонларга белги бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалги хабарлар орқали Ўзбекистонда янги вазирлик - Инновацияларни ривожлантириш вазирлиги ташкил этилиши ҳақида маълум қилган эдик. Янги вазирликка Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Йўлчиевич Абдураҳмонов раҳбарлик қилади.

Иброҳим Абдураҳмонов 1975 йилнинг февралида Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. 1997 йилда Тошкент Давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган, 2001 йилда Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тугатган. «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Шунингдек, Kun.uz Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев ўз лавозимини тарк этиб, унинг ўрнини шу йил августидан буён Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Жамшид Абдуҳакимович Хўжаев эгаллаганини ҳам маълум қилган эди.

Мавзуга оид