Иқтисодиёт | 10:00 / 03.12.2017
22372
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россия бозорларини мева-сабзавотлар билан тўлдирмоқда

Фото: Ўзбекозиқовқатхолдинг матбуот хизмати

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси хўл ва қайта ишланган мева сабзавот маҳсулотлари экспортининг ҳажмини янада кенгайтириш мақсадида хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни ўрнатиб келмоқда. Жумладан, Россия бу борада асосий ҳамкоримиз хисобланади ва йилдан-йилга ушбу мамлакатга юборилаётган мева-сабзавот экспорти ҳажми ошиб бормоқда. 

1 декабр куни “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси раиси Тохиржон Жалилов Россия Федерация кенгаши қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Сергей Лисовский билан музокара олиб борди.

Сергей Лисовскийнинг сўзларига кўра, Россия ахолиси томонидан экологик тоза, ўзида барча фойдали элементларини сақлаб қолган ва шифобахш хусусиятларга эга бўлган ўзбек мева- сабзавотларига эҳтиёж ўсаётганлигини  таъкидлаб ўтди.
 
Ўз навбатида, С.Лисовский Россия, Ўзбекистонда замонавий логистика марказларини барпо этиш борасида инвестиция киритиш таклифини билдирди. Логистика марказлари қурилишида россиялик ушбу соҳа мутахассислари жалб этилади ва уларнинг яқин кунларда юртмизга ташриф буюриши кутилмоқда. 

Тохиржон Жалилов айни пайтда “Ўзагроэкспорт” АЖ Россиядаги савдо уйлари орқали "Тандер", X5 Retail Group, "Холидей" ДК, "Мария-Ра", "Монетка" ва "Челны-хлеб" савдо марказларига мунтазам мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб берилаётганлигини айтиб ўтди.

Тадбир сўнгида Россиядан шакар, гўшт ва балиқ маҳсулотларини юртимизга олиб келиш  мақсадга мувофиқ эканлиги билдириб ўтилди.

Мавзуга оид