Жаҳон | 17:00 / 05.12.2017
22713
1 дақиқада ўқилади

Михаил Саакашвили тарафдорлари томонидан озод этилди

Фото: АР/ТАСС

Одесса области собиқ губернатори, грузиялик сиёсатчи Михаил Саакашвили ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингач уни тарафдорлари ҳимоя қилиб чиқишди. У олиб кетилаётган микроавтобус йўлда унинг тарафдорлари томонидан тўсилган. Махсус хизматлар билан тўқнашувга киришган намойишчилар уни озод қилишган.

Ушбу воқеалар ривожи «112 Украина» телеканали томонидан трансляция қилинган.

Қайд этилишича, фаоллар автомобилнинг ойналарини синдиришган ва ғилдиракларини ишдан чиқаришган. Айни вақтда Саакашвили кўчада йиғилганлар орасида нутқ сўзламоқда. Мухолифатчи сифатида Саакашвили Украинанинг амалдаги президенти Петро Порошенкони ағдариб ташлашга чақирмоқда. 

Йиғилганлар «Ганьба (шарманда. — укр.)», шунингдек, «Миша, биз сен биланмиз» каби ҳайқириқларни айтишган.

Бундан аввалги хабарларда давлат тўнтаришига уринишни амалга оширишда гумон қилиниб қўлга олинган Саакашвили бошқармага етказилгани ва у тергов қилинаётгани, унга 5 йиллик қамоқ жазоси таҳдид қилаётгани ҳақида айтилганди.

Мавзуга оид