Спорт | 00:11 / 06.12.2017
35709
2 дақиқада ўқилади

Россия қишки Олимпиададан четлатилди

Фото: Reuters

Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) ижро қўмитаси, Россия терма жамоасига Пёнгчангда ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларида фақат нейтрал байроқ остида иштирок этишига рухсат берди.

Бундан ташқари, Россия олимпия қўмитасининг (РОҚ) ташкилотдаги аъзолиги вақтинчалик тўхтатилди. 

Энди, Олимпиадага йўл оладиган спортчилар рўйхатини ХОҚ махсус комиссияси белгилаб беради. Қайд қилинишича, Сочи-2014 ўйинларида иштирок этган мулозим, мураббий ва шифокорларнинг бирортаси қишки олимпиада ўйинларига киритилмайди. 

Бундан ташқари, Россия спорт вазири Виталий Мутко ва унинг собиқ ўринбосари Юрий Нагорних умрбод дисквалификация қилинди ва ҳеч қачон Олимпия ўйинларига киритилмаслиги белгиланди.

Энди россиялик спортчилар ўз мамлакати байроғи остида Жанубий Кореядаги мусобақаларда иштирок этолмайди. Улар шахсий ва жамоавий мусобақаларда Olympic Athlete from Russia (OAR) номи ва Олимпия ўйинлари байроғи остида қатнашади. Уларнинг тақдирлаш маросимида эса Олимпия ўйинлари мадҳияси янграйди.

Аввалроқ, ХОҚ Россия спортчиларини Сочи-2014 Олимпиадасида допингдан оммавий тарзда фойдаланганликда айбдор деб топган ва 11та медалдан маҳрум қилган эди.

Олимпиадада Россия мадҳияси янграмайди. Тўлиқ тафсилотлар

Маъруфжон Асқаров
Тайёрлаган Маъруфжон Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид