Спорт | 01:06 / 14.12.2017
10647
2 дақиқада ўқилади

Пара-Осиё ўйинлари: Ўзбекистон ҳисобида яна 9 та медаль

Фото: Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати

13 декабрь куни 8 нафар паралимпия спортчиларимиз Дубай шаҳрида ёшлар ўртасида ўтаётган Пара-Осиё ўйинлари баҳсларида иштирок этиб, паралимпия спортининг енгил атлетика, сузиш ва пауэрлифтинг турларида 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларини Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига қўшиб қўйишди. Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати

Енгил атлетика спорт турида 200 метр масофага югуриш бўйича Суханова Сабина 30.01 натижаси билан олтин медални, шу масофада эркаклар ўртасида кечган баҳсда яна бир ҳамюртимиз Пашаев Дамир 24.15 натижаси билан кумуш медалини қўлга  киритди ҳамда 800 метр масофага бўлган югуришда барча рақибларидан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Яна 2 та олтин медални ядро отиш бўйича эркаклар ўртасида Рихсимов Муҳаммад (11.42) ҳамда аёллар ўртасида Эргашева Розияхон (7.78) қўлга киритди.

Найза отиш баҳсларида эса спортчимиз Одилов Ёрқинбек найзани 31.02 метрга отиб, олтин медаль соҳибига айланди.

Сузиш спорт турида Рио-2016 Паралимпия ўйинлари чемпиони Фотима Омилова  200 метр масофани 02:36.95 сонияда сузиб ўтиб, биринчи ўринни эгаллади.

Пауэрлифтинг спорт турида эса 2 та бронза медалини 59 кг вазн тоифасида Раҳимжонов Аббосхон (94 кг) ҳамда 88 кг вазн тофасида Хўжахонов Муҳаммадхон (98 кг) қўлга киритди.

Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати

Шу кунга қадар Ўзбекистон Миллий Паралимпия терма жамоаси спортчилари 15 та олтин , 3 та кумуш ва 2 та бронза, жами 20 та медални нахт қилиб қўйишди. Умумжамоа ҳисобида эса 30 Осиё мамлакатидан келган 800 нафар спортчи орасида 4-ўринни эгаллаб келишмоқда.

 

Мавзуга оид