Жамият | 21:21 / 17.12.2017
40033
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда зираворлар сардори – заъфароннинг биринчи ҳосили олинди

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидаги заъфарон плантациясида биринчи ҳосил йиғиб олинди. Шаҳрисабз туманида жорий йилнинг августида Қашқадарёдаги илк заъфарон плантацияси ташкил этилганди. Ҳосил октябрь ўрталарида йиғиб олина бошланди. Дастлабки кунлар заъфароннинг 3-4 минг гули, сўнгра 7-8 минг гули терилди.  

Ҳосил териб бўлиниши биланоқ қайта ишланади. Ундаги қизил устунчалар ажратилиб, қуритишга жўнатилади.

Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, заъфарон гуллари улар пайдо бўлиши биланоқ узиб олиниши керак. Бунда асосий қимматга эга хомашё қизил устунчалар бўлиб, улар қуритилиб, янчилади. Бунинг эвазига “қизил олтин” деб аталувчи хомашё олинади. Бир гектар плантациядан ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограмм ҳосил олинади. Жаҳон бозорида 1 килограмм заъфароннинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланади. 

Заъфарон халқ табобатида кўплаб касалликларни даволаш учун ишлатиладиган энг қиммат зираворлардан ҳисобланади. Унинг шифобахш хусусиятлари қадимлардан маълум бўлган. Мисол учун, буюк аллома Абу Али ибн Сино заъфарон дамламасининг истеъмол қилиниши кўзни равшан қилиши, юрак ва нафас олиш аъзолари фаолиятини яхшилашини айтиб ўтган.

Гарчи ҳозирги кунда заъфарон ўзининг олдинги аҳамиятини йўқотиб, ундан фақат пазандачиликда фойдаланилаётган бўлса-да, у олтиндай қадрланади. Заъфарондан кўз томизғичлари, турли-туман дорилар, қувватбахш дамламалар тайёрланади. Жумладан:

• онкологик касалликларнинг олдини олади (ўсмага қарши таъсир кўрсатади ва саратон ҳужайралари ўсишига тўсқинлик қилади);
• қонни тозалайди (қонни тозалаб, янгилайди, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлаб, организмнинг барча ҳужайраларини озиқлантиради);
• мия фаолиятини яхшилайди (иссиқ сут билан ичилган заъфарон бош мия тўқималарининг ўсишига ёрдам беради, хотирани кучайтиради);
• бош оғриғи ва уйқусизликни қолдиради;
• ошқозон-ичак функциясини тартибга солади;
• ортиқча сафродан халос этади;
• буйрак ва ўт пуфагини тозалайди (асал қўшилган заъфарон буйрак ва ўт пуфагидаги тошларни парчалайди);
• антиоксидант хусусиятга эга (қувват алмашинувини яхшилайди, зарарли моддаларни нобуд қилади);
• тетиклантирувчи таъсир кўрсатади;
• кўриш қобилиятини тиклайди, кўз тўр пардасини даволайди;
• жинсий қувватни яхшилайди;
• ҳайз давридаги оғриқни енгиллаштиради;
• куйган яра ва шишларни даволайди;
• ел ҳайдовчи ва спазмни қолдирувчи хусусиятга эга;
• бутун организмни ёшартиради;
• организмдаги нурланиш даражасини пасайтиради.

Бироқ ҳамма нарсада меъёр бўлганидек, заъфаронни кўп миқдорда истеъмол қилиш салбий таъсирлар келтириб чиқариши мумкин. Заъфарондан ортиқча фойдаланиш асабийлашиш, сезги аъзоларининг зўриқишини келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, заъфарондан таомга кўп қўшиб юборсангиз, таъмини бузиш билан бирга, заҳарланишга ҳам олиб келади. Шунинг учун кучли таъсир қилувчи бундай восита ҳомиладор аёлларга қатъиян тақиқланади. Заъфароннинг 5 граммдан ортиғи заҳарли таъсир кўрсатади.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, заъфарон юртимиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида, боғ ва токзорлар қатор ораларида, ўрмон ҳудудларида етиштириш имконияти мавжуд. 

Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбойжон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Австралия каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади.

Мавзуга оид